Нукус шаҳридаги «Истиқлол» истироҳат боғида «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиш керак» шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган «Адлия сайли»да барча давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этиб, аҳолини ўз фаолиятлари билан яқиндан таништирди ва уларга ҳуқуқий хизмат кўрсатди.
Тадбир доирасида нотариуслар, адвокатлар, давлат хизматлари агентлиги, судлар, тижорат банклари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан 200 нафардан ортиқ фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди. Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу муқаддас заминнинг ҳар қарич ерини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини тарғиб қилувчи ҳарбий чиқишлар, маданият ходимлари томонидан ташкил этилган концерт дастури барчага хушкайфият бағишлади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўш иш ўринлари ярмаркаси билан иштирок этди. «Адлия сайли»да Давлат хизматлари агентлиги томонидан 40 га яқин давлат хизматлар кўрсатилди. Аҳолини ҳар хил фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутишни тушунтириш мақсадида Фавқулотда вазиятлар бошқармаси сайлга жалб этилди.
Соғлиқни сақлаш ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ходимлари «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз. Сиз ҳам бизга қўшилинг» шиори билан тадбир иштирокчиларига хизмат кўрсатди. Энг аҳамиятлиси «Адлия сайли»да нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, «Биз биргамиз» акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти, Ҳунарманд уюшмаси аъзолари ҳам ўзлари ишлаб чиқарган ва қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулот кўргазмаси намойиш этилди.
Сайлга ташриф буюрувчилар орасида ёшларнинг ҳам кўплиги қувонарлидир. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан ташкил топган “Street law”, Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми ўқувчиларидан ташкил топган «Адолат қанотлари» гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган ҳуқуқий викториналарда ёшлар фаол иштирок этиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан @huquqiyaxborot телеграмм каналида ташкил этилган «Совринли викторина»да ғолиб бўлган иштирокчилар ҳам муносиб тақдирланди.
Китоб – бу ҳар биримиз учун энг қиммат совғадир. Тадбирда Адлия вазирлиги тизимидаги ходимлар «Истиқлол» истироҳат боғида жойлашган «Болалар кутубхонаси»га ана шундай совғалар билан ташриф буюрди. “Street law”, «Адолат қанотлари» гуруҳи аъзолари аҳолининг кундалик ҳаётида энг кўп учрайдиган масалалар ва қонунчиликдаги янгиликлар акс этган буклет, флаерларни тарқатиб, ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб борди.
Адлия сайлига ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган «Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма» китобчалари тарқатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА