Венгрия ҳукумати делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 29 март куни Тошкентда Ўзбекистон – Венгрия бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Икки давлат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида ишбилармон доиралар алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто, Ўзбекистон – Венгрия ишбилармонлар кенгаши ҳамраислари, масъул вазирлик, идоралар ҳамда икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз ҳукумати раҳбари ўринбосари таъкидлаб ўтганидек, кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланмоқда.

2020 йил якунига кўра, ўзаро савдо айланмаси 109.3 миллион долларни ташкил этди. Бу борадаги ўсиш кўрсаткичи бир йил аввалги даврга нисбатан 53.9 фоизга тенг бўлди. Айни пайт республикамизда Венгрия иштирокидаги 10 та корхона мавжуд. Жумладан, 4 та компания 100 фоиз хорижий капитал асосида фаолият олиб бормоқда. Ушбу форум эса икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари самарали фаолиятига янада кенг йўл очиб, келгусидаги юқори натижалар учун қулай имконият яратади.

Жаноб Сийярто, ўз навбатида, Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари ривожланиш жараёнида кузатилаётган ижобий ўсиш суръатига урғу берди. Ҳар икки давлат раҳбарлари иқтисодий шерикликни изчил кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Шу билан бирга ишбилармонларни фаолликни кучайтиришга чақирди.

Қайд этиш керак, икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришда Савдо-саноат палаталари фаолияти муҳим ўрин эгаллайди. Бу жараёнда ҳудудлараро кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини такомиллаштириш, товар ва хизматлар алмашинуви учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Венгрия компанияларига хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг очиқлигини таъминлаш ва жозибадорлигини оширишга қаратилган ишлар, шаффоф ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини босқичма-босқич қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон томонидан Молия ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Венгрия томонидан “OTP Bank”, Венгрия экспорт-импорт банки масъул вакиллари ўз фаолиятларига бағишланган тақдимотларини намойиш этишди.

Форум давомида турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини ҳамкорларга намойиш этиб, шерикликнинг афзал, устувор йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорлигининг ўзига хос, самарали форматини яратиш имконини берган мазкур очиқ мулоқот иштирокчиларга истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилаб олишга кўмаклашди.

Бизнес форуми якунида ўзаро мулоқот, музокара ва учрашувлар натижасига кўра, турли соҳаларда савдо, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутган қатор икки томонлама шартнома, битим ва келишувлар имзоланди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА