Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари ўтган ҳафта Тошкент вилоятида тадбиркорлар билан учрашувларда уларнинг муаммолар ўрганиш ва ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Бугунги видеоселектор йиғилишида бундай учрашувларни ҳар ҳафта ўтказиш кераклиги таъкидланди.
Жумладан, Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Бизнес омбудсман Д.Қосимовга ҳар ҳафта ўзларига бириктирилган ҳудудларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиши ва уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиши бўйича топшириқ берилди.
Вилоят ҳокимлари ҳам ҳафтада бир марта ўз ҳудудидаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг масалаларини ечиб бориши кераклиги қайд этилди. Ушбу учрашувлар телевидениеда кўрсатилиб, натижалари аҳолига етказиб борилади.
Йиғилишда жорий йилнинг 1 ноябрига қадар 778 та ижтимоий соҳа объектлари бўйича қуриш-таъмирлаш ишларини якунлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури бўйича – 379 та мактаб, 171 та боғча ва 161 та тиббиёт муассасаси, “Обод маҳалла” дастури доирасида – 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт муассасасида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Шу билан бирга 968 та шароити оғир қишлоқ ва маҳаллаларда хусусий шериклик асосида оилавий боғчалар қурилади.
Президент, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кирган барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг “тиббий харитаси”ни шакллантириш юзасидан топшириқ берди.
Давлат раҳбари видеоселектор якунида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси бўйича назорат қаттиқ бўлишини, ҳар бир раҳбар ўзига юклатилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариши зарурлигини таъкидлади.
– Бугунги йиғилишда синчиклаб тушунтирилмаган ҳеч бир масала қолмади. Раҳбарлар эсидан чиқармаслиги керак, энди жавобгарлик қаттиқ бўлади. Агар хиёнат қилмасак, натижага эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА