Шавкат Мирзиёев раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалалари бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида энергетика тизимидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Сир эмас, электр ва газ тармоқларидаги муаммолар узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган бўлиб, халқнинг энг кўп норозилигига сабаб бўлаётган эди. Президент топшириғи билан жорий йилда ана шу муаммолар ечими бўйича жуда катта маблағ ажратилди. Бу соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида энергетика вазири Алишер Султонов бу йил куз-қиш мавсумигача энергетика тизимида бажариладиган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
– Биз куз-қиш мавсуми деган гапни унутдик. Чунки аҳолининг ёзда ҳам электр энергияга бўлган талаби юқори бўлаяпти, уйида кондиционер ишлатаяпти. Демак, электр истеъмоли мавсумий эмас, йил бўйи юқори бўлади. Биз ана шу эҳтиёжни таъминлаш учун жорий йилда 617 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги бир пайтлар узиб ташланган электр линияси тикланади. Натижада электрга эҳтиёж юқори бўлган қиш мавсумида биз ушбу мамлакатдан электр энергия оламиз, ёз мавсумида аксинча уларга ўтказамиз. Бундай ишни Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон билан ҳам амалга оширамиз. Шу орқали минтақада яхлит энергетик тизим тикланади, – деди Алишер Султонов.
Президент илгари мамлакатимизга энергетика тизимига ҳеч бир инвестор сармоя киритмаганлигини, кейинги йилларда ҳудудлардаги электр станцияларида янги қувватларни ишга тушириш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлади.
– Илгари энергетика соҳасида тартиб йўқ эди, ҳеч қайси инвестор бизда бу соҳага пул тикмасди. Чунки энг катта коррупция айнан шу тизимда эди. Агар газ билан электр бўлмаса обод қишлоқ ҳам бўлмайди. Ана шуни ҳисобга олиб, бу йил электр ва газ тармоқларини модернизация қилишга катта маблағлар ажратдик. Тўрт йил олдин бу ишларни қилолмасдик, чунки тизим йўқ эди, соҳалар тайёр эмас эди. Энди “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” корхоналари жорий йилда бажарилган ишлар ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бериб боради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда бу борада Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган ишлар ҳақида вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди.
ЎзА