Бу ҳақда Президент айни пайтда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари “манзилли дастури”ни тасдиқлайди. Бунда, дастурлар доирасида маҳалла раислари ва аҳолининг “ижтимоий ҳамкорлиги”ни ҳам назарда тутиш зарур, деди давлат раҳбари.
Яъни, давлат янги йўл қуриб берса, унинг атрофига дарахт экиш, қазиб берилган ариқ ва зовурларни кейинчалик тозалаш, қурилган биноларнинг бутун сақланишини таъминлаш бўйича маҳалла аҳолиси ўзиѓа мажбурият олади.
Қурилиш вазири вилоят ҳокимлари билан бирга, “манзилли дастур”га киритилган ҳар бир объект бўйича лойиҳа институтларини бириктириб, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Президент лойиҳа-смета ҳужжатларисиз ҳеч бир қурилишни бошлаш ман этилишини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда 10 кун ичида қурилиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги комиссия доимий равишда ҳудудларга чиқиб, дастурдаги маҳаллаларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиб боради.
Оммавий ахборот воситаларига дастурлар доирасида комиссия томонидан қилинаётган ишларни ҳар куни ёритиб бориш тавсия этилди. Сектор раҳбарлари белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳақида ҳар ойда маҳаллий кенгашларда ва оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши айтиб ўтилди.
ЎзА