Аввал хабар қилинганидек, Президент раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар муҳокама қилинмоқда.

Йиғилишда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани мисолида жорий йилда бу борада амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Туманда 145 километр йўл, 1 минг километр электр тармоғи, 250 та трансформатор ва 54 километр ичимлик суви тизими яроқсиз аҳволда. Ижтимоий соҳа объектларида ҳам қатор муаммолар мавжуд. Ишсизлар сони 9 мингдан зиёд, “темир дафтар”га 1 мингта оила, “ёшлар дафтари”га 6 минг нафар, “аёллар дафтари”га 2 минг 200 нафар аҳоли киритилган.

Видеоселекторда жорий йилда Пайариқ туманидаги 56 та қишлоқ, умуман, Самарқанд вилояти бўйича 717 та қишлоқ ва 198 та шаҳар маҳаллалари қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилиши қайд этилди.

Бу мақсадларга 1,6 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Пайариқ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимлари дастурга киритилган объектларни қандай танлагани ва бу бўйича аниқ режаларини манбалар кесимида тушунтириб берди.

ЎзА