Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари ушбу дастурларга киритиладиган қишлоқ ва маҳаллалар ҳамда дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими билан кенг, атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.

Лойиҳаларни амалга оширишда қишлоқ ва маҳалла аҳолиси ҳамда тадбиркорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали улар иштирокини таъминлаш, бунда ободончилик билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш объектларини барпо этишни ҳам инобатга олиш зарур.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари “бир марталик иш”га айланиб қолмаслиги, қилинган ҳар бир сўм инвестиция, одамларимизѓа уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини ошириши лозим.

– Афсуски, ҳамма раҳбарлар ҳам бу масалаларни тушуниб етмаяпти. Шу сабабли Фарғона ва Наманган шаҳарларининг 4 та сектор раҳбари ишдан олинди. Тошкент вилоятининг янги ҳокими Чирчиқ шаҳри сектор раҳбарларини ишдан бўшатмасликни илтимос қилиб олиб қолди. Агар икки ой ичида Чирчиқда вазият ўзгармаса, уларга ҳам чора кўрилади, – деди Президент.

Йиғилишда бу каби камчиликлар барча ҳудудларда мавжудлиги қайд этилди. Масалан, бугунги кунда республикада энг оғир аҳволга тушиб қолган 796 та қишлоқ ва 188 та шаҳар маҳаллалари мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда.

Шавкат Мирзиёев қишлоқларга инфратузилма борсагина тадбиркорлик ривожланиши, қўшилган қиймат яратилишини барча раҳбарлар чуқур англаб етиши кераклиги, шу сабабли “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мутлақо янги ёндашувлар асосида шакллантирилганини таъкидлади.

Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, қишлоқ ва маҳалла аҳолиси билан маслаҳат қилиниб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгилаб олинганини қайд этди.

Бунда, ободончилик билан бир қаторда, “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига янги ишлаб чиқариш объектлари, иш ўринлари яратиш, аҳолини ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш орқали, уларни ушбу рўйхатлардан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Қайд этилганидек, жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли шароитини яхшилашга жами 31,5 триллион сўм йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев 9 та йўналиш бўйича ажратилаётган ушбу маблағлар ташқаридан қарз олинмасдан ажратилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Куни кеча Европа консультантлари билан ҳам бу масалалар муҳокама қилингани, умуман, мамлакатимизда ҳар бир йирик лойиҳа экспертлар билан обдон ўрганиб чиқилгандан сўнггига ҳаётга татбиқ этилаётганини айтилди.

Йиғилишда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими жорий йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида, давлат бюджетидан берилган маблағ ёнига камида худди шунча маблағ қўшиб, лойиҳалар таннархини арзонлаштириб, қандай ишларни амалга ошириши, уларнинг натижадорлиги ҳамда қайт́ими бўйича ҳисобот бериши айтилди.

 

ЎзА