Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 11 март куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Қирғиз Республикаси Ўзбекистоннинг стратегик шеригидир. Бугун Кўксарой қароргоҳида икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Давлат раҳбарлари учрашуви кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш ўрин олган.

Шунингдек, олий даражадаги музокараларда маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғиз Президентининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

 

ЎзА