Одамзоднинг исми тақдирига айланади, деганлари рост экан. Халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева қанча-қанча ижодкорларнинг йўлини нурафшон этиб, адабиёт, журналистиканинг катта ҳаёти ўзанига солиб юборган, десак янглишмаган бўламиз.

Давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида устоз шоирамиз ҳам мамлакатимизнинг фидойи аёллари каби Ватанимизнинг юксак мукофоти «Фидокорона хизматлари учун» орденига муносиб топилдилар.

5 март куни давлатимиз раҳбарининг ана шу юксак мукофотини топшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Иброҳим Ғафуров ҳамда Ойдин Ҳожиева хонадонига ташриф буюрди.

Ойдин Ҳожиева шеърият оламига кириб келиши биланоқ нафис шеърлари, миллий журналистикада эса изланувчанлиги, қатъияти билан мухлислар меҳрини қозонди. Гўзал анъана ва қадриятларимиз, саховатпеша ва меҳнатсевар халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз, оддий ва камсуқум, шу билан бирга, ҳалол меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз Ойдин опа ижодининг асосий мавзусини ташкил этади.

Бу жиҳатлар устозимизнинг «Шабнам», «Манзиллар» , «Онам севган қўшиқ», «Орзу гули», «Тароват», «Достонлар», «Мушфиқ онажон», «Хушхабар» , «Чашмаларни излайман», «Тамал тоши», «Ишонч юлдузлари» , «Кўзимнинг оқу қораси», «Паноҳим» каби асарларида яққол ўз ифодасини топган.

Устоз кўп йиллар мобайнида «Гулхан», «Саодат» журналларида бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатганлар. Ойдин опа наинки ижодда, балки самимийлиги, қалби покиза экани билан ҳам кўплаб ёшларга одамийлик сабоғини ўргатган ижодкордир. Истиқлол йилларида шоирамизнинг меҳнатлари юксак эътибор ва эҳтиромга муносиб топилди. Жумладан, 1999 йилда Ойдин опа «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирландилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча эълон қилган «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ҳассос шоира Ойдин Ҳожиева «Фидокорона хизматлари учун» орденига муносиб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мукофотни шоирага топширар экан, миллий адабиётимиз равнақига ҳисса қўшган устоз ижодкорлар доим Президентимиз ва халқимиз ардоғида эканини таъкидлади.

– Ватанимизда маънавият, китобхонлик, адабиёт ва санъатга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон халқ шоираси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Ойдин Ҳожиева. – Давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан ғоят мамнун бўлдим.

Дарҳақиқат, устоз ижодкорлар бугун мамлакатимизда астойдил қўллаб-қувватланмоқда, эътибор ва рағбат топмоқда. Уларга мудом таъзимдамиз!

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири