Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Иван Крупко бошчилигидаги делегация билан учрашди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Медиа-ахборот маркази бу ҳақда маълум қилди.

Унда вазирлар ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятларини муҳокама қилди.

Меҳмон томон мамлакатимизда шакарни қайта ишлаш ва саноат асосида ишлаб чиқариш мақсадида беларусча қандлавлаги навларини Ўзбекистонда етиштириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон билан Беларусь Республикаси ўртасида қишлоқ хўжалиги савдоси, фан ва аграр таълим соҳасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Чорвачилик, ветеринария ва ўсимликлар селекцияси соҳасида фаол ўзаро алоқалар йўлга қўйилган. Тошкент вилоятидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида Беларуснинг картошкачилик ва мева-сабзавотчилик илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда картошканинг 8 нави ва 20 турдаги сабзавот экинлари синовдан ўтказилмоқда. Шунингдек, Беларусь селекцияси асосида 45 нав сабзавот ва 6 турдаги қовунлар олинган.

– Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида қишлоқ хўжалигида замонавий билим, технология ва инновацияларни қўллашга алоҳида эътибор берилмоқда. Иқлим ўзгариши сабаб, қурғоқчиликка чидамли, серҳосил ва турли касалликларга чидамли қишлоқ хўжалиги экинларини яратиш долзарб саналади. Биз ўсимликларни турли янги зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказишга тайёрмиз. Қишлоқ хўжалигидаги янги билим ва инновациялар тизими — AKIS асосида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган ва биз ушбу тизимда Беларусь қишлоқ хўжалиги тадқиқот институтлари, олимлари, мутахассислари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг иштирокини қўллаб-қувватлашдан мамнун бўламиз, – деди вазир Жамшид Хўжаев учрашувда.

Ўзбекистон уруғчилик маркази ва Беларусь давлатининг «Белсемена» бирлашмаси фаол ҳамкорлик қилмоқда. 2020 йилда Беларусь Республикасига ўзбек селекциясининг нўхат, ловия, сабзи, пиёз, помидор каби экин уруғлари намуналари синов учун юборилди. Ижобий натижалар олинди. Шу билан бирга, Беларусь селекциясининг помидор, пиёз, лавлаги, редиска, сабзи, ловия каби экин уруғлари Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида муваффақиятли етиштирилган.

Тошкент ва Андижонда Тошкент давлат аграр университети (ТошДАУ) билан Гроднен давлат аграр университети ўртасида ҳамкорликда факультетлар очилган. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, «ўсимликлар ҳимояси ва карантин» ҳамда «ҳайвон хом ашёсини сақлаш ва қайта ишлаш технологияси» йўналишлари бўйича талабаларни бакалавриатга қабул қилиш бошланди. ТошДАУ профессор ва ўқитувчилар жамоаси Могилев озиқ-овқат университетида малака ошириш курсларида ўқиб қайтган.

–Биз сиз билан ҳамкорлик қилишга, тажриба алмашиш ва қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида сизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – дея таъкидлади вазир Иван Крупко. – Биз Сизни ва жамоангизни ҳар йили Беларусь Республикасида ўтказиладиган халқаро форумда иштирок этишга таклиф этамиз. Ўтган йили ўтказилган ўзбек-беларусь аграр форуми ҳамкорлигимизни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Учрашувда томонлар вазирликлар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ишчи гуруҳлар тузиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтиришга келишиб олди.

 

ЎзА