Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамкорликда “Онкологик касалликлар профилактикаси, уларни даволаш жараёнларидаги муаммолар ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда тиббиёт соҳасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган онкологик касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан алоҳида ишлаш тизимини жорий этиш бўйича вазифалар ижроси – онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш жараёнидаги муаммолар, онкология бўйича малакали мутахассислар билан таъминлаш, республикадаги онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган муассасаларни замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланиш даражаси каби масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, онкологик касалликларни даволашда аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилаётганлигига эътибор қаратилди. Хусусан, тиббий хизмат сифатининг пастлиги, шифохоналарда ўринлар етишмаслиги, даволаш сифатининг пастлиги ва муолажалар олиш учун навбатларнинг кўплиги, соҳа бошқарувидаги зиддиятлар ва коррупция ҳолатларининг мавжудлиги кабилар танқид остига олинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мутасаддилар томонидан муаммоларни бартараф этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётганлиги юзасидан саволлар ўртага ташланди.

Давра суҳбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош онкологи, онкогематологи ва болалар онкологи томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар борасида тақдимотлар қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Қайд этилишича, саратоннинг компьютер регистрацияси ҳали йўлга қўйилмаган. Кацер-регистр жорий этилса, скрининг анализ марказлари, республика бўйича беморларни электрон касаллик тарихи юритилиши, беморларда ўтказилаётган даво ишлари, уларни мониторинг қилиш имконияти яратилади.

Янги замонавий химиотерапевтик, таргет ва иммун дори воситалари, молекуляр-генетик текширишлар учун реактивлар дунёда жуда тез кашф қилинмоқда. Шу сабабли даволаш стандартлари тез ўзгармоқда. Ушбу воситаларни Ўзбекистонда регистрация қилиш бироз кўпроқ вақт талаб этмоқда. Ушбу тизимни соддалаштириш зарур.

Шунингдек, онкологик беморларни ташхислаш ва даволаш учун ордер тизимининг татбиқ этилиши ўзини оқламади. Чунки, жойларда ордер олишда турли тўсиқлар юзага келмоқда. Онкологик беморлар турли тиббий муассаса ва ташкилотларга мурожаат қилишга тўғри келмоқда.

Беморларнинг ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини ва босқичма-босқич суғурта тиббиётига ўтиш ражалаштирилаётганини ҳисобга олиб, ҳозирги кунда онкологик беморларни текшириш ва даволашда ордер тизимидан воз кечиш зарур.

Тадбирда келгусида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш соҳасини ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА