Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги тегишли қарори билан айрим шахсларга уй-жой сотиб олишда (ипотека кредитлари тўлови учун) субсидиялар тўлаш тартиби белгиланган эди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар хусусида Давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Аброр Маҳсудов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Субсидиялар даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан ажратиладиган маблағдир, – дейди Аброр Маҳсудов.

– Қарорга кўра, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (фуқаро меҳнат мигранти бўлганда унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин) уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки кредит фоизининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидиялар олиш юзасидан йилнинг 1 мартидан 1 октябрига қадар давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза беради. Бунда жисмоний шахс ва оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари, никоҳ ва фарзандларнинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжатлар (шунга оид бошқа ҳужжатлар) нусхаси, оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда) каби ҳужжатлар талаб этилади. Шунингдек, турар жойининг кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар, уй дафтари ёки квартира карточкаси (17-шакл бўйича) нусхалари, ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома тақдим этилади.

Агар субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига унинг хотини (эри), улар билан бир уйда биргаликда яшовчи ота-онаси ҳамда фарзандларининг (шу жумладан, асраб олинган фарзандлари) даромадлари қўшилгандан сўнг ўртача ойлик даромадлари миқдори ушбу қарор билан тасдиқланган низомнинг 2-бандида кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, бошқа жисмоний шахслар даромадлари ҳам киритилиши мумкин.

Субсидиялар тўлаш бўйича масъул органлар (ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари) 10 иш кунида ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради. Субсидиялар тўлаш бўйича комиссия баҳолаш натижаларини 7 иш куни ичида кўриб чиқиб, ариза берувчига субсидия ажратиш ёки уни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилади ҳамда уни давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига юборади. Ариза берувчи субсидия олиш ҳақида хабарнома олган тақдирда 1 ой муддатда уй-жой сотиб олиш бўйича хусусий (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади ҳамда тегишли тижорат банкига мурожаат қилади.

Тижорат банки 3 иш кунида ариза берувчига ипотека ажратиш масаласини кўриб чиқади.

Кредит шартномаси тузилганда тижорат банки субсидияни тўлаб бериш бўйича туман (шаҳар) ғазначилик бўлимига буюртманома юборади ва ғазначилик бўлими 3 иш куни давомида белгиланган субсидияни тўлаб беради. Ойлик фоиз тўлови учун субсидия ажратилганда ғазначилик бўлими ҳар ойнинг 25 санасига қадар ойлик фоизлар бўйича субсидия тўловини ўтказиб боради.

Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилганда ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари мутаносиб равишда пасаяди, кўтарилганда эса ўзгаришсиз қолади.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ жойларда биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига, шаҳарларда дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Тегишли вазирлик ҳамда ҳокимликлар ҳудудларда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот беради.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади. Шу билан бирга, уй-жой сотиб олишда субсидия ажратиш билан арзон уй-жой олишни чалкаштирмаслик керак. Амалда мавжуд арзон уй-жой учун навбатларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди, Марказни бу масалага алоқаси йўқ. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимликларга мурожаат қилиш лозим.

Фақат сиз субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиласиз ва натижасини олишингиз мумкин, қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратиш Комиссия томонидан ҳал қилинади. Буни ҳал қилишга давлат хизматлари маркази аралашмайди.

Қарорда субсидиялар ажратишда ариза берувчиларни танлаб олишда мезонлар ишлаб чиқилган бўлиб, шахслар мана шу мезонлар асосида баҳоланади. Баҳолашнинг умумий миқдори 50 балл. Шу билан бирга, фуқароларимизда субсидиялар олишда айнан камида қанчадир миқдорда балл йиғсам, субсидия олишим кафолатланади, деган тасаввур пайдо бўлмаслиги керак, комиссия ажратилган субсидия олувчилар миқдоридан келиб чиқиб, ариза берувчиларни танлаб олишда энг кўп балл йиғган талабгордан пастга қараб танлайди. Агар ариза берувчиларнинг кўрсаткичлари тенг келиб қолса, ариза топшириш вақти ҳал қилувчи омил бўлади, яъни қайси талабгор олдинроқ ариза берган бўлса, ўша шахс устуворликка эга бўлади.

 

ЎзА мухбири

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА  

ёзиб олди.