Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг мадҳиялари янгради.

Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Б.Мирзараҳимов йиғилганларни янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган концепцияларни амалга ошириш доирасида ҳар томонлама ривожланган, билимдон, халқига содиқ ёшларни тарбиялаш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, миллий қадриятлар, халқларнинг маданияти ва ўзлигига бўлган таҳдидлар, ёт ғояларни сингдиришга бўлаётган уринишлар кучайиб бораётган глобаллашув жараёнларида ёшлар энг заиф қатлам бўлиб қолаётганлиги сабабли бу йўналишда қўшимча комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти тўғрисида, аҳолининг, биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия таркибида принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.

Қарор асосида Ички ишлар вазирлиги Нукус «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи ташкил этилиб, таълим муассасасининг қурилиш таъмирлаш ишлари учун 30 миллиардга яқин маблағ ажратилиб, бу ишлар «Уй-жой қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилди.

Бугунги кунга келиб, таълим муассасасининг ўқув ва ёрдамчи бинолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрь кунги “«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларининг инфратузилмаси, ўқув ва моддий-техник базасини такомиллаштириш бўйича комплекс дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида тўлиқ керакли жиҳозлар билан таъминланишига эришилди.

Ҳарбий академик лицейига қабул белгиланган квотага мувофиқ, 2020-2021 ўқув йили учун академик лицейга дастлабки, ҳарбий-касбий танловлар ва якуний тест синовларидан муваффақиятли ўтган ёшларнинг 100 нафари ўқувчилар қаторига қабул қилинди. Академик лицейда 22 нафар тажрибали педагог ходим ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларининг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

– Бугунги давр ёшларини энг бахтли ёшлар деб аташга ҳақлимиз,– дейди Амударё туманидан Малоҳат Халимбетова. – Сабаби уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши билан касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имконият яратилган. Менинг фарзандим Даврон болалигидан ҳарбий бўлишга жуда қизиқар эди. Фарзандимнинг орзуси ушалиб, ҳарбий академик лицейга қабул қилинди.

Тадбир иштирокчилари янги ўқув юртида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА