Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Қорақалпоғистон Республикасида давлат-хусусий шериклик ривожига тўсқинлик қилаётган сабабларни тармоқлар кесимида комплекс ўрганиш, бу борада қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича электорат вакиллари ҳамда мутасадди давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, Ўзбекистон Марказий банки бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Мактабгача таълим вазирлиги, электорат вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда дунё бўйлаб давлат-хусусий шериклик транспорт инфратузилмаси, тиббиёт ва таълим тизимлари, шу жумладан, кўплаб давлат инфратузилмаларини такомиллаштиришда тобора оммалашиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам давлат-хусусий шериклик амалиёти ва механизмидан фойдаланишнинг кенгайиб бораётганини кўриш мумкин. Давлат-хусусий шериклик кўп даражали бошқарувнинг муҳим шакли бўлиб, давлат ва хусусий сектор шерикларини бирлаштиришга имкон беради.

 

 

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 январдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида сўз борди. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш доирасида Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилдан буён шу кунга қадар давлат-хусусий шериклик битимлари асосида 86 та мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун 155 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Шунингдек, тегишли соҳа вакиллари Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шерикликни молиялаштириш: улар учун ажратиладиган кредит турлари ва банк-кредит сиёсати тўғрисида, мамлакатимиз томонидан давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш учун жорий қилинган солиқлар, улар учун яратилган имтиёз ва преференциялар давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар бўйича атрофлича маълумотлар берилди.

Амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, айни йўналишдаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди.

Кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилот ва депутатлик гуруҳи вакиллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқиш ва назоратга олишга келишиб олинди.

 

Довуд Абибуллаев,ЎзА