2021 йил 5 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ялпи мажлисда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис иши Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканалида тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Сенат аъзолари томонидан 20 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.
Дастлаб Олий Мажлис Сенатининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2020 йилда Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил январда парламент палаталарида сўзлаган нутқлари ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида акс этган вазифалардан келиб чиқиб фаолият юритди.
Қонунчилик йўналишида 71 та қонун кўриб чиқилди. Шундан 65 та қонун маъқулланди, 6 таси рад этилди. Уларни ҳудудлар манфаатлари нуқтаи назаридан танқидий-таҳлилий кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Қонунлар олимлар, экспертлар, тажрибали амалиётчиларни жалб қилган ҳолда қўмиталар ҳузурида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинди.
Яна бир жиҳат. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид муаммоларни ўрганиш якунлари бўйича Ҳукуматга 3 мингдан ортиқ масалалар ҳал этиш учун киритилди. Мазкур таклифлар асосида 2021 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 8 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди.
Қолаверса, парламент назорати доирасида қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, 10 нафар элчининг ҳисоботи эшитилди.
Ҳар чоракда Ҳукуматнинг ҳамда молия вазирининг Давлат дастури ижросининг бориши ва Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама этилди.
Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 49 та ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 13 та парламент сўрови юборилди. Сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига қарийб 400 та сўров юборилди.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг 14 376 та мурожаати кўриб чиқилди. 3 мингга яқин мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилди. Жумладан, 2 мингдан зиёд мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 700 га яқин ариза ва шикоятлардаги масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилди.
Халқаро парламент муносабатлари доирасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан ўтказилган 80 дан зиёд учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида 40 дан зиёд парламентлараро гуруҳлар тузилди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш йўналишида 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Барча даражадаги маҳаллий Кенгашларда алоҳида котибиятлар ташкил этилди, Сенат Кенгаши қарори билан уларнинг намунавий низоми ва тузилмаси тасдиқланди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалари тўғрисида ахборот берилди.
Сенат қўмиталари ва девони “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, Сенатнинг Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиши, унда коронавирус пандемиясига қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, бунда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, касалликка қарши оммавий эмлаш тадбирларини ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий соҳа ва тармоқлар ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, яъни ҳудудларда ёшлар масалалари ва соғлиқни сақлаш муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва ҳал этиш ишларини янада кучайтириш, “Ёшлар дафтарига” киритилганлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарларга ўргатиш, кафолатланган ижтимоий ёрдамдан тўлиқ фойдаланишига кўмаклашиш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди.
Қонунчилик фаолиятини янада самарали ташкил этиш, назорат-таҳлил тадбирлари натижадорлиги оширилишини таъминлаш, парламент назорати доирасидаги тадбирларда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, қолаверса, ҳудудлар раҳбарлари иштирокини таъминлаган ҳолда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш чораларини кўриш, белгиланган вазифалар ижросига фақатгина вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида баҳо бермасдан, балки, муқобил манбалардан фойдаланиш, мустақил изланишлар олиб бориш, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, халқаро ва парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, халқ билан мулоқот, хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ОАВ, жумладан, ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммоларга муносабат билдириш, зарур ҳолларда муаммо ечимига бевосита масъул бўлган мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотини Сенат ёки қўмита мажлисларида эшитишга доир таклиф ва ташаббусларни илгари суриш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сенат аъзолари Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Базаров Орифжон Шадиевич, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ижтимоий ва маиший масалалар бўйича бўлим бошлиғи Джураев Шухрат Низамович, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Кадирова Муяссар Джумаевна, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари Кучкаров Бахром Тулкинович, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Низамходжаев Зайниддин Махаматович, Жиззах политехника институти ректори Усмонқулов Алишер Қодирқулович, “Ўзэлектроаппарат” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Фарманов Александр Касимович, Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Юсупов Эргаш Аманбаевични Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари М.Э.Абдусаломов, О.Бобожонов, М.А.Джураева, Ж.Х.Норов, Э.Ражабов, Ж.Садиков ва Э.Г.Ходжакуловнинг ваколатлари тугатилди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 2-бандига ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ, Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломовни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси этиб сайлаш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси Бахтиёр Дехконбоевич Миралимовнинг ваколати муддатидан илгари тугатилди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Феруза Фарходовна Эшматовани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) этиб сайлаш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида хотин-қизлар ва гендер тенглик масаласи ниҳоятда долзарб ва бу давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу маънода Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси зиммасидаги вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Мазкур қўмитага раҳбарлик қилиш кишидан катта билим, ҳаётий тажриба, мулоҳазакорлик, қатъият, ташаббускорлик ва шижоатни талаб қилади.
Мажлисда мазкур Қўмита раислигига сенатор Малика Акбаровна Кадирханова сайланди.
Малика Акбаровна 2015-2019 йилларда Тошкент вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари сифатида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришган. Биргина мисол, вилоятда тадбиркор аёллар 2015 йилда 300 нафарни ташкил этган бўлса, Кадирханованинг жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан 2019 йилда уларнинг сони 4 мингдан ошган. Тошкент вилоятида “Ногирон тадбиркор аёллар” ассоциацияси ташкил этилиши ҳам бевосита Малика Акбаровнанинг саъй-ҳаракатлари натижасидир.
У 2018 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
М.Кадирханова шу кунга қадар Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида фаолият юритаётган эди.
Шундан сўнг парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 3-бандига ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ Ҳалилилло Собиржонович Турахужаевни лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига Ўзбекистон Республикаси Олий cуди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, мазкур қарор билан Лукмон Мухтарович Кадиров, Талъатжон Бахтиёрович Мелибоев, Абдурасул Ғаппорович Эранов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.
Шундан кейин 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидлаш жоизки, Давлат дастури доирасида жами 170 та, шундан давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича – 20 та, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида – 13 та, иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишида – 63 та, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида – 53 та, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишида 21 та ҳужжат қабул қилинган.
Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат – 100,7 фоизни, хизматлар – 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 103,0 фоизни ташкил қилган.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг пандемия шароитида чекланиши жорий йилда савдо айланмасига ҳамда хизматлар соҳасининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган. Жумладан, савдо айланмаси ҳажми 194,8 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 103,2 фоизга бажарилган.
Жами хизматлар ҳажми 218,9 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 102,3 фоизга ўсган. Молия соҳасида 25,6 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида 115,3 фоиз, таълим соҳасида 7,4 фоиз кўрсатилган хизматларда юқори ўсиш қайд этилган.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3 триллион 962 миллиард сўм, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 3 триллион 423 миллиард сўм, корхоналарни молиявий кўллаб-қувватлашга 2 триллион 485 миллиард сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1 триллион 340 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва зарур инфратузилмани яратишга 1 триллион 22 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлар ва пенсия жамғармаси йўқотишларини қоплашга 595 миллиард сўм миқдорида маблағлар сарфланган.
Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 9,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.
2020 йилда 197 та йирик лойиҳа ишга туширилган. Натижада жами 38 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Шу билан бирга, Давлат дастурининг 58 та банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари масъул идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда, 20 та банднинг ижро муддати узайтирилган.
Мажлисда сенаторлар томонидан Дастурда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида ва сифатли бажарилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманларини ва Каттақўрғон шаҳрини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала ҳам муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, Дастурлар ижроси юзасидан мазкур ҳудудларда муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишида қарийб 737,3 миллиард сўмлик 248 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 2 700 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирлар доирасида 6 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та умумтаълим мактаби ва 3 та соғлиқни сақлаш муассасаси бинолари реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирдан чиқарилган.
Мазкур ҳудудлардаги 139,2 километр газ тармоқлари, 28 та газ тақсимлаш қурилмаси, 59 километр электр узатиш тармоқлари таъмирланган ва 50 та трансформатор ўрнатилган.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2 та сув иншооти қурилиб, 479,7 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилган.
Шу билан бирга, мажлисда дастурларда белгиланган маблағлар ўз вақтида ажратилмаганлиги сабабли бир қатор тадбирларнинг бажарилиши таъминланмагани таъкидланди.
Хусусан, 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган 120 ўринли 1 та умумтаълим мактаби, жами 320 ўринли 2 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та соғлиқни муассасаси, 1 та спорт комплекси, 2 та сув иншооти, 1 та ирригация ва 2 та бошқа турдаги объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари республика бюджетидан маблағ ажратилмаганлиги сабабли бошланмаган.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали жамоат транспорти ҳаракати ва аҳоли учун қулайлигини таъминлаш юзасидан Боёвут тумани ҳудудидан ўтувчи 9 километр маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари, Каттақўрғон шаҳридаги 69,6 километр ва Тўрақўрғон туманидаги 70 километр ички йўллар жорий таъмирдан чиқарилмаган.
Қарши туманида 9 та трансформатор ўрнатиш ва 27,5 километр электр узатиш тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмаган, энергетика соҳаси бўйича белгиланган 40 та топшириқдан 33 тасининг ижроси таъминланмаган.
Каттақўрғон шаҳридаги 37 та кўп квартирали уй-жойларни таъмирлаш ишлари учун дастурда белгиланган манбалардан маблағлар йўналтирилмаганлиги натижасида амалий ишлар бошланмаган.
Қарши туманида кўп квартирали 50 дан ортиқ уй-жойларнинг том, фасад ва кириш йўлакларини таъмирлаш бўйича аҳоли маблағлари ва тижорат банкларининг кредит маблағларини жалб этиш юзасидан маҳаллий ҳокимлик томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмаган.
Ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Сенат ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган амалий ишлар натижасида 1 миллиард 572 миллион сўмлик 17 та тадбир ижроси таъминланишига эришилди.
Мажлисда мазкур ҳудудларни 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурининг ижросини ўрганиш давомида аниқланган камчиликларга урғу берилди. Сенат аъзолари уларни бартараф этиш борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.
Бироқ 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати туғилди.
Ушбу қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан бир қатор ўзгартишлар киритиляпти.
Жумладан, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Бундан ташқари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Яъни:
сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда;
сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;
сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда;
сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Киритилаётган ўзгартишлар билан сайловларни октябрь ойида ўтказиш таклиф қилинди.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиради, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади. Шунингдек, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратади. Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этишига эришилади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади ва ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттиради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, амалдаги қонун 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда аудит бозорида рўй берган ўзгаришлар унинг тўғридан-тўғри амал қилиш сифатларини пасайтириб, самарасиз, бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган ҳолга келтирган.
Янги қонун эса иқтисодиётни либераллаштиришда институционал ўзгаришларнинг чуқурлашувида муҳим ўрин тутиши табиий.
Ушбу қонун халқаро принциплар ва илғор хорижий тажрибалар асосида аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжат бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этиш, иш сифати ва аудиторлик касбининг нуфузини оширишни ҳам назарда тутади.
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири – аудиторлик фаолиятининг лицензияланадиган фаолият турлари таркибидан чиқарилишининг белгиланаётгани ҳамдир.
Яна бир жиҳат. Қонун билан аудиторлик фаолияти фақат Аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга оширишга ўтказилмоқда. Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши зарур бўлган ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотлар рўйхати ҳам шакллантирилмоқда.
Умуман олганда, аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган қоида ва нормалар ҳамда меъёрий ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда жамлаш тизимлашмоқда.
Шунингдек, аудиторлик ташкилотларига қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида уларнинг устав капитали миқдорига бўлган талаб бекор қилинмоқда ҳамда улардаги аудиторларнинг энг кам сони камида тўрт нафар бўлиши ҳам назарда тутилмоқда.
Халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда айнан битта хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувини кетма-кет етти йилгача ўтказишга рухсат берилмоқда.
“Таваккалчилик-таҳлили” асосида аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш ва унинг натижаларини ваколатли давлат органи ва аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтида эълон қилиш назарда тутилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йиллар мобайнида жиноят процесси жараёнида шахсларни давлат томонидан ҳимоя қилинишига қаратилган сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, охирги 3-4 йилда давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди. Ушбу қонун ана шу ислоҳотларни яна бир бор мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун билан назарда тутилган биринчи йўналишдаги тузатишларда жиноят ишининг терговга тегишлилиги масаласини ҳал қилишда биринчи навбатда тергов органларининг вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари, тизимда шаклланган тажриба, мавжуд куч ва имкониятларига эътибор қаратилди.
Хусусан, прокуратура органлари томонидан фуқароларнинг ҳаёти, жамият ва давлатнинг манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳамда бошқа коррупцион ва мансабдорлик жиноятлари, ички ишлар органлари томонидан фуқароларнинг соғлиғи, мол-мулки, жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган, давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан мамлакат конституциявий тизими, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда бошқа манфаатларига қарши қаратилган жиноятлар бўйича дастлабки тергов амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонун билан киритилаётган иккинчи йўналишдаги тузатишлар ишни судда кўриш учун тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унда Жиноят-процессуал кодексига дастлабки эшитув институтини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Киритилаётган учинчи йўналишдаги тузатишларга асосан Жиноят-процессуал кодекси кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш (депонентлаш)га оид янги институт билан, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти билан ҳамда жиноят процессида шахснинг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган меъёрлар билан тўлдирилмоқда.
Мазкур қонун билан мамлакатимизда суд-тергов фаолияти, шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши таъминланишига, тергов ва суд органларининг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари аниқ қилиб белгиланишига, юқорида таъкидлаб ўтган турдаги жиноят ишлари тергов қилинишида тергов органлари ўртасида сансалорликнинг олди олинишига эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Айниқса, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан мамлакатимизда вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга, тақиқланган ёки ғайриқонуний бирлашмалар фаолиятига жалб қилиш ҳамда вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш ва бундай ҳаракатларни содир этганларнинг жавобгарлигини сўзсиз таъминлашда қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ушбу тизимли чораларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Жумладан, Жиноят кодексида, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги белгиланмоқда. Бу билан вояга етмаганларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш орқали нафақат ўн олти ёшгача, балки ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, яъни бола ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси кафолатланади.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёшини 18 ёш этиб белгиланмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида жавобгарлик масаласи кучайтирилиб, вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда. Шу муносабат билан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги тегишли норма чиқарилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган шахсни Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса вояга етмаган шахсларни ғайриқонуний жамоат бирлашмаларига жалб қилиш учун кескин чоралар кўриш орқали вояга етмаганларнинг мазкур жиноятлар қурбони бўлиши хавфининг олдини олишга, улар манфаатларининг давлат томонидан кафолатли ҳимоялашни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу тариқа халқаро майдонда давлатимиз нуфузи ошишига, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга ёрдам беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Сенат аъзолари томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланган эди. Унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси, турлари, ушбу ҳужжатларнинг ўзаро нисбатини белгилаш, шунингдек, уларни режалаштириш, ташаббус қилиш, тайёрлаш, келишиб олиш, қабул қилиш, эълон қилиш, уларнинг ижросини ташкил этишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш белгиланган эди.
Қабул қилинган қонуннинг асосий принциплари этиб қуйидагилар:
– қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонуности ҳужжатлар эканлиги;
– конституциявий қонунлар ва кодекслар нимани ифодалашини;
– қонуности ҳужжатларини тартибга солиш доираларини белгилаш, уларда жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни, шунингдек, хўжалик бошқаруви органларининг ваколатларига кирувчи масалаларни ҳамда корпоратив муносабатларни тартибга солишни назарда тутадиган ҳуқуқий нормалар аниқ белгиланган.
Унинг мантиқий давоми сифатида ушбу қонун билан 5 та Қонституциявий қонун, 294 та қонун ва 1 та Олий Мажлис қарорига ўзгартиш киритилмоқда. Бунда мазкур барча ўзгаришлар мазмуни ва концептуал жиҳатидан бир хил ҳисобланади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.
Шуларга асосан, мазкур қонун билан қонун ижодкорлиги ва қонунчилик соҳасида ишлатилиши лозим бўлган атамалар билан боғлиқ ўзгаришлар киритилмоқда.
Ушбу ўзгаришларнинг киритилиши миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги “қонунчилик” тушунчасининг бир хиллаштирилишига эришилади. Ўз навбатида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар хил тушунмовчиликларнинг олди олинади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қадам қўяётган Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида туб ўзгаришлар, учинчи Ренессансга пойдевор бўладиган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, яхши қўшничилик ва конструктив мулоқотга асосланган сиёсатимиз туфайли Марказий Осиёда тамоман янги дўстона муҳит юзага келди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланишини инобатга олиб, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш таклиф этилган эди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш топшириғи белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида халқимизга хос бағрикенглик ва азалий дўстлик ғоялари ифода топган.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий-маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилди.
Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар ташаббускор ва фидойи юртдошимиз Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвон билан тақдирланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Турли миллат вакилларининг ўз она тилларида таълим олиш имкониятини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда, яъни ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилмоқда. Олий таълим масканларида эса бир неча қардош ва хорижий тилларда таҳсил олиш имконияти яратилган.
Телерадиоларда 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунасидир.
2019 йил 15 ноябрда фармонга мувофиқ Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.
Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар, умуман олганда, жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.
Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллади.
Сўнгра илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ҳукумат томонидан парламент сўровига белгиланган муддатда жавоблар тақдим этилди ва Сенатнинг тегишли Қўмита аъзолари томонидан жавоблар таҳлил қилинди.
Жавобда илм-фан ва илмий фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Илмий даражали кадрларни тайёрлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланганлиги маълум қилинган.
Шунингдек, хорижий давлатлар билан халқаро қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 6,9 миллиард сўмлик 25 та (“Ўзбекистон – Беларусь”, “Ўзбекистон – Германия” ва “Ўзбекистон – Туркия”) халқаро қўшма лойиҳа бажарилмоқда. Жорий йилда Туркия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар эълон қилинган.
2019 йилда Тошкент шаҳридан ташқари ҳудудларга ажратилган квоталар 376 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 558 тагача етказилган. 2021 йил учун докторантурага 842 та квоталар ажратилган. Шу билан бирга, кимё, биология, геология ва математика йўналишлари бўйича докторантурага квоталар сони ўтган йилгига нисбатан сезиларли даражада оширилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги илмий ташкилотлар томонидан ҳозирги кунда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 53,5 миллиард сўмлик 147 та лойиҳа бажарилмоқда.
Мажлисда парламент сўровида айрим масалалар юзасидан жавоблар етарлича акс эттирилмаганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.
Хусусан, илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 2025 йилга қадар 6 бараварга (ЯИМга нисбатан 1,2%), 2030 йилгача эса 10 бараварга (ЯИМга нисбатан 2%) оширилиши белгиланганига қарамай, буни таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан 2021 йилда олиб бориладиган ишлар бўйича аниқ маълумотлар берилмаганлиги, инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга мос тарзда илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланмаганлиги, олий таълим муассасаларининг ва таркибида таълим муассасалари бўлган соҳаларда илмий салоҳиятни ошириш йўналишида таҳлиллар, прогнозлар ва аниқ таклифлар ишлаб чиқилмаганлиги таъкидланди.
Муҳокама натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровида қўйилган масалаларга юзаки ёндашган мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда сўровда акс эттирилган барча масалаларни чуқур ўрганиб, натижаси юзасидан Сенатга ахборот киритиш топшириғи берилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, бу борада Ҳукумат томонидан ўрганиш олиб борилган. Унинг натижалари тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг мажлисида муҳокама қилинган ва муайян ишлар амалга оширилган.
Парламент сўровида кўтарилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган. Жумладан, гидрометеорологик ва геологик хавфли участкалардан доимий кўчирилган аҳолига товон пулларини тўлаш;
тоғ ва тоғолди ҳудудларида Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ва Ўзгидромет хулосаларисиз қурилган саноат, хўжалик ва бошқа объектларнинг сони ҳақидаги аниқ маълумотларни шакллантириш;
гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодиёт объектларини тошқинлар, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш мақсадида киритилган тақдимнома ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш;
дарёлар ва сойлардан норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазиб олинишининг олдини олиш юзасидан таъсирчан, жумладан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторларининг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
соҳада мавжуд тизимли муаммоларни ҳал этиш мақсадида ушбу йўналишдаги тадбирларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.
Мажлисда парламент сўровида кўтарилган айрим масалаларнинг ечимига етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги таъкидланди.
Хусусан, магистрал газ қувурларининг дарё ўзанлари ва каналлардан очиқ ҳолатда кесиб ўтган участкалари яқинида ташкил этилган норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари олиб борилиши, ушбу ҳудудларда бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига, магистрал газ қувурларининг авария ҳолати муносабати билан тўхтатилишига ва республика миқёсида табиий газ таъминотининг бир маромда етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари учун тегишли ваколатли органлар томонидан лицензия бериш ишлари “Ўзтрансгаз” АЖнинг ҳудудий бўлинмалари билан расмий келишилган ҳолда ташкил қилиш кераклиги ҳамда Ҳукумат томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисида 2022 йил 1 январга қадар ҳар ярим йилда Сенатга маълумот тақдим этиб борилиши билдирилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 5 февралдаги “З.Низамходжаевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисида”ги қарорига асосан Зайниддин Махаматович Низамходжаевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари лавозимидан озод этиш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, Ф.Ф.Эшматовани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси таркибидан чиқариш, қолаверса, А.Х.Тошқуловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси таркибидан чиқариш тўғрисида ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати