Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тўлақонли амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига илмий асосланган ахборот, замонавий хизматларни кўрсатиш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг жорий этиш, таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва агрохизматлар кўрсатиш тизимининг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида:

1. Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Концепция доирасида қишлоқ хўжалиги тармоқларида таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги субъектларига замонавий агрохизматлар кўрсатишнинг узвий тизимини ўзаро боғлайдиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (кейинги ўринларда – Миллий марказ) ташкил этилсин ва у қуйидаги йўналишларда фаолият юритишга масъул этиб белгилансин:

қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш;

фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперациялари ҳамда илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан манфаатли илмий-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, янги илмий ишланмалар, инновациялар ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш;

барча турдаги давлат илмий ва олий таълим муассасаларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалиги тармоқларининг малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар асосида уларнинг малакасини ошириш;

қишлоқ хўжалигида хусусий секторни кенг жалб этган ҳолда билим, малака ва кўникмаларнинг самарали алмашинуви ҳамда узатилишини таъминлайдиган миллий ахборот ва маслаҳат хизматлари тармоғини ривожлантириш;

халқаро сифат стандартларини жорий қилишда кўмаклашиш, маҳсулот етиштирувчилар ва агробизнеснинг ўзаро ҳамкорлик платформасини ташкил этиш.

3. Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш (Ш.М.Ғаниев):

қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда унинг тармоқлари бўйича илмий изланишлар олиб бораётган ва кадрлар тайёрлаётган барча турдаги давлат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминласин;

қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этсин;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажрибалар асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларининг тизимли равишда такомиллаштирилишини таъминласин;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг йиллик иш режасини ҳамда улар фаолияти самарадорлигини баҳолаш индикаторларини тасдиқласин;

қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишлаб чиқариш муаммоларига илм-фан орқали ечим топиш мақсадида соҳадаги илмий-тадқиқот муассасалари ва қишлоқ хўжалиги кластерлари ўртасида келишувлар тузиш амалиётини йўлга қўйсин.

Илмий-тадқиқот институтларига бириктирилаётган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари рўйхати 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

4. Белгилансинки:

Миллий марказ Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади;

Миллий марказ ўз тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаси фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, чорвачилик йўналишлари, ўрмон ва сув хўжалиги, ипакчилик соҳаларида фаолият юритувчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўяди, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий ва профессионал таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолиятини мувофиқлаштиради;

Миллий марказ Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, “Агроинновация” ДУК, “Ғўза уруғчилиги маркази” негизида ташкил этилади.

5. 2021 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион ишларга буюртмаларни шакллантириш ва молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

а) Мувофиқлаштирувчи кенгаш 2021 йил 1 апрелга қадар Қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишлари, глобал, минтақавий ва ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимларини тадқиқ қилиш бўйича кейинги беш йилга мўлжалланган дастурни (кейинги ўринларда – беш йиллик дастур) ишлаб чиқади ва эълон қилади.

Беш йиллик дастур қишлоқ хўжалиги соҳасидаги идоралар, уюшмалар ва бошқа ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, қишлоқ хўжалиги ва унга хизмат кўрсатувчи субъектлар, жумладан, агросаноат кластерлари, кооперациялар, фермер ва деҳқон хўжаликларининг таклифлари асосида шакллантирилади;

б) беш йиллик дастурда назарда тутилган йўналишлар қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий лойиҳалар бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади;

в) беш йиллик дастурда назарда тутилган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги субъектлари томонидан таклиф этилган ва бюджетдан молиялаштирилмаган ёки тўлиқ молиялаштирилмаган лойиҳаларни ҳамда бошқа вазифаларни амалга ошириш мақсадида, Миллий марказ ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари республика бюджети, маҳаллий бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, илмий тадқиқот ишларини молиялаштириш ва уларнинг якуний натижасидан фойдаланиш истагини билдирган қишлоқ хўжалиги субъектлари ва бошқа шахсларнинг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Жамғарма маблағларини бошқариш Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи – Миллий марказ томонидан амалга оширилади.

Илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг бюджет маблағлари ҳамда Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши уларни молиялаштириш учун бошқа маблағларни тўғридан-тўғри жалб қилишни истисно қилмайди.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

6. Қуйидагилар:

2021-2022 йилларда Миллий марказнинг Республика агрохизматлар марказиҚорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрохизматлар марказлари (кейинги ўринларда – ҳудудий агрохизматлар марказлари);

2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ туманларида Миллий марказнинг туман агрохизматлар марказлари (кейинги ўринларда – туман агрохизматлар марказлари) ташкил этилсин.

7. Белгилансинки:

а) Республика агрохизматлар маркази, ҳудудий ва туман агрохизматлар марказлари:

Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағларни жалб этган ҳолда ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади;

ўз фаолиятини ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тизими асосида амалга оширади;

б) ҳудудий агрохизматлар марказлари Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказининг ҳудудий бўлинмалари негизида ташкил этилади;

в) Республика агрохизматлар маркази, ҳудудий ва туман агрохизматлар марказлари ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда ташкил этади:

ҳудудларнинг узоқ муддатли ривожланиш тенденциялари ва инсон капитали бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;

хорижий тажриба асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий ташкилотларга тайёр илмий ишланмалар ва тегишли илмий маслаҳатларга буюртмаларни шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги соҳаларининг долзарб йўналишлари бўйича тайёрланган илмий ишланмаларни ҳудудлар шароитига мослаштириш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш, унинг натижаларини бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектларга етказиш;

ҳудудлар аграр соҳаси асосий ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда халқаро тажрибалар ҳамда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги барча хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги субъектларига бевосита ва онлайн ҳамда “call-марказ” орқали хизмат кўрсатиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4803-сон қарорига асосан қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви ва илмий-тадқиқот институтларини трансформация қилишга Жаҳон банкининг 160 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, мазкур маблағлар Миллий марказ, унинг тизимидаги муассасалар ҳамда агрохизматлар марказлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, қайта тайёрлаш ва лойиҳада назарда тутилган бошқа тадбирларга йўналтирилади.

9. 2021 йил 1 мартдан бошлаб, тажриба тариқасида, Миллий марказ тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларида тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда кичик илмий-инновацион корхоналар ташкил этишга рухсат берилсин, бунда:

а) илмий-тадқиқот муассасаси:

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг илмий асосланган ҳолда экилишини ташкил этади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғчилик ва селекциясини йўлга қўяди, янги нав ва дурагайларни яратади;

ўсимликларни зараркунандалардан асраш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади;

б) тадбиркорлик субъектлари:

илмий-тадқиқот муассасасининг янги нав ва дурагайларни яратиш бўйича фаолиятини молиявий таъминлашга кўмаклашади ҳамда унинг натижаларини тижоратлаштириш чораларини кўради;

ички ва ташқи бозор талабларидан келиб чиқиб, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришни йўлга қўяди ва уни оммалаштиради;

янги ички ва ташқи бозорларни топиш, халқаро стандартларга мос келувчи лабораториялар, уруғликни сақлашсаралашқадоқлаш ва мева-сабзавотни қайта ишлаш ускуналарини харид қилишга кўмаклашади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш, миллий бренд асосида экспорт қилиш чораларини кўради;

в) фойда солиғи бўйича жами даромадни аниқлашда тадбиркорлик субъектлари – солиқ тўловчиларнинг илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларига доир харажатлари, амортизация қилинадиган активларни олишга оид харажатлардан ташқари, тегишли илмий тадқиқотлар ва (ёки) тажриба конструкторлик ишланмаларининг натижасидан қатъи назар, Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда бундай тадқиқотлар ва ишланмалар (хизматларнинг алоҳида босқичлари) тугалланган ва (ёки) қабул қилиш-топшириш далолатномасини тарафлар имзолаганидан кейин чегириб ташланади.

10. Белгилансинки, 2021 йил 1 февралдан бошлаб Миллий марказ, мазкур фармонга 4-иловада кўрсатилган илмий-тадқиқот институтлари ҳамда улар тизимига кирувчи илмий-тажриба станциялари ва участкаларининг (кейинги ўринларда – илмий-тадқиқот муассасалари) бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, уларнинг ходимлари (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бунда:

Миллий марказнинг бошқарув аппарати ходимларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ҳамда агрохизматлар марказлари ходимларига вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари мос равишда қўлланилади;

Илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари бюджет маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади;

Миллий марказ, илмий-тадқиқот муассасаларининг бошқа харажатларини молиялаштириш уларнинг илмий, ишлаб чиқариш, илмий тадқиқот ишлари натижаларини тижоратлаштириш ва хизмат кўрсатиш фаолиятидан тушадиган маблағлар, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

11. Миллий марказ ва илмий-тадқиқот муассасаларига бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан шаклланадиган маблағларни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилсин, бунда ушбу ташкилотлар:

бюджетдан ташқари маблағларни бошқариш учун тижорат банкларида ҳисоб рақами очиши ва ундаги маблағлардан мустақил фойдаланиши мумкин (бюджет ташкилотларининг ғазна ҳисоб рақамларидан фойдаланишга доир талаблар ушбу маблағлардан фойдаланишга нисбатан татбиқ этилмайди);

юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида жалб этади, ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилайди;

сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, илмий лабораториялар учун маблағларни мустақил сарфлайди.

12. Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев:

бир ҳафта муддатда мазкур фармонда назарда тутилган вазифаларни ижрочилар ва ҳудудлар кесимида тасдиқласин ҳамда ижрога қаратсин;

икки ҳафта муддатда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Адлия вазирлиги мазкур фармоннинг ижрочиларга етказилишини, унинг мазмун-моҳияти тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, аҳолига тушунтирилишини ҳамда ижрога қаратилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сон фармонига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Мазкур фармоннинг ижросини ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 30 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 3 февраль