Нидерландия ҳукумати томонидан пандемия туфайли жорий қилинган комендантлик соати аҳоли норозилигига сабаб бўляпти. Намойиш давом этаётган бўлса-да, ҳали комендантлик тартиби бекор қилинмаслиги айтиляпти.

Роттердам ва бошқа йирик шаҳарларда дўконлар талон-тарож қилинди. Хабарларга кўра, 180дан ортиқ киши ҳибсга олинган. Голландия полицияси тартибсизликнинг намойишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва бу жиноий зўравонлик эканини маълум қилди.

Вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида айни пайт соат 21:00-4:30 оралиғида комендантлик соати белгиланган. Қоидани бузган шахс 95 евро миқдорида жаримага тортилади.

Жонс Хопкинс унверситети маълумотига кўра, Голландияда эпидемия бошлангандан буён вирус юқтириб олганлар миллонга яқинлашган, ўлим ҳолати 13 ярим мингдан ошган.

Кеча полициячилар намойишчилар билан тўқнашди. Маҳкама баёнотига кўра, Роттердам жанубида юз берган жиддий тартибсизлик оқибатида 10 нафар зобит жабрланган. Тартибсизликни, асосан, ёш йигитлар ташкил қилгани айтилмоқда. Ҳукумат ота-оналардан фарзандларини ташқарига чиқармасликни сўраган.

Шаҳарларда тартибсиз ҳаракат кўлами кенгаймоқда. Ҳодисага ижтимоий тармоқдаги очиқ ёки яширин даъват ва баъзи сиёсатчилар томонидан тарқатилган нотўғри маълумот сабаб бўлиши мумкин, дея тахмин қилиняпти. Кўпчилик фавқулодда ҳолат энг юқори даражага етишидан қўрқяпти. Зеро, Голландияда чеклов тартиби тобора кучаймоқда. Қолаверса, айрим қўшни давлатлар қоидаларни юмшатган.

ЎзА