Ўзбекистонлик журналистларнинг Туркия бўйлаб саёҳати давом этмоқда.

Лойиҳа ташаббускори Туркия Маданият ва туризм вазирлиги. Мазкур пресс-турдан мақсад Туркияда Covid-19 олдини олишга қаратилган карантинга қарамасдан «хавфсиз туризм»нинг мавжудлиги, бу ерга келувчи сайёҳлар учун барча санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилганини тарғиб қилишдан иборатдир.

Истанбулда ўтган иккинчи кун ҳам таассуротларга бой бўлди. Навбатдаги манзил шаҳарнинг тарихий қадамжоларидан бири Аё София масжиди.

Ҳашаматли ёдгорлик шаҳарнинг тўрт томонидан кўриниб туради. Мазкур кўҳна обида Султон Aҳмад мавзесида, Босфор соҳилида қад ростлаган. Ибодатхона ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300 йилларига бориб тақалади. Унинг узунлиги 77 метр, гумбаз диаметри эса 31,5 метрни ташкил қилади.

Манбаларда келтирилишича, Византия, яъни Шарқий Рим империясининг пойтахти Константинополь, ҳозирги Истанбулдаги Аё София черкови ҳали Ислом бу ерларга келишидан аввал милодий 532-537 йилларда император Юстиниан томонидан қурилган ва деярли минг йил давомида дунёнинг энг катта черкови бўлган.

Ўз маҳобати билан асрлар давомида инсонларни лол қолдириб келган Константинополь шаҳри ва Аё София черковининг христиан дунёсида аҳамияти шунчалик каттаки, Ватикан католик христианларининг пойтахти бўлса, Константинополь православ-ортодокс христианларининг пойтахти ва Аё София черкови уларнинг марказий ибодатхонаси бўлган. Бутун дунёдаги православ-ортодокс христианлари шу черковдан бошқарилган.

Константинополь 1453 йилда Султон Маҳмуд томонидан фатҳ этилгач, шаҳар номи Исломбўлга ўзгартирилади ва кейинчалик Истанбул дея атала бошланади. Шундан сўнг Аё София масжидга айлантирилади. Ўшанда шаҳар аҳолиси мусулмонлардан қўрқиб ҳаммалари Аё Софияга кириб, беркиниб олишган. Султон Маҳмуд эса исломнинг бағрикенглигини кўрсатиб, уларни кечирган ва моли-жонини омон қолдирган эди.

Шундан кейин Аё София 481 йил мусулмонларнинг масжиди бўлиб хизмат қилади. 1934 йил эса Мустафо Камол Отатурк қарори билан музейга айлантирилиб, туристлар зиёрат қиладиган музей ҳолида бўлган. 1985 йили эса Истанбул тарихий масканлари билан бирга UNESCO жаҳон маданий мероси рўйхатига олинади.

2020 йил 10 июлда Туркия Олий суди Отатуркнинг бу қарорини бекор қилди ва Aё София масжидга айлантирилди. 24 июль куни Истанбул рамзи саналган кўҳна Aё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилади. Илк жума ибодатида мамлакат Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда давлат ва ҳукумат арбоблари ҳам иштирок этган.

Масжид кираверишида эркаклар ва аёллар учун алоҳида таҳоратхона бор. Масжидга аёллар рўмол ёки бош кийим билан киришлари талаб этилади. Рўмоли йўқ аёллар махсус дўкончадан сотиб олишлари мумкин.

Журналистларнинг Туркия бўйлаб саёҳати давом этмоқда.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Истанбулдан махсус