II Халқаро бахшичилик фестивали жорий йил апрель ойининг учинчи ўн кунлигида Қорақалпоғистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

II Халқаро бахшичилик фестивалининг очилиш маросими Нукус шаҳрида бошланиб, якуний қисми Мўйноқда бўлиб ўтади.

Бу ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қалбай Турдиев ЎзА мухбирига маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, бахшичилик фестивали ўтаётган бир вақтда Амударё тумани ҳудудида жойлашган Чилпиқ қалъаси атрофида Болалар фольклор ҳамда Тахтакўпир туманида «Қаратерен ирғақлари» номли ёшлар фестивали ҳам ўтказилади.

Бахшичилик фестивалининг ўтказилишига доир масалаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров ва бошқа мутасаддилар Қорақалпоғистонда бўлиб, тадбир ўтказиладиган жойларни ўрганган.

Ҳозирги режага кўра, Нукус шаҳридаги Отчопар майдонида барча вилоятларнинг павильонлари ташкил этилади. Ҳудудларнинг миллий урф-анъаналари, бахшичилик санъати шу ерда қад ростлаган саҳналарда намойиш этилади.

Мўйноқда якуний қисмга бағишланган галаконцерт ўтказилиши ҳамда туман марказида ўтовлар қурилиб, олов атрофида бахши-жировлар ижросида концертлар уюштирилиши мўлжалланган. Хориждан келган сайёҳлар ва меҳмонлар Мўйноқда бир кун қолиб туманнинг сайёҳлик масканларига ташриф буюриши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, I Халқаро бахшичилик фестивали 2019 йил 4-10 апрель кунлари ЮНЕСКО шафелиги остида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўтказилган эди. Унга 20 та давлатдан 57 нафар ижрочи, халқаро ташкилотлар, шунингдек, Афғонистон, Туркия, Тожикистон ва Қувайт ҳамда бошқа давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Е.Қаноатов, ЎзА