Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус АҚШга ташкилот таркибига қайтгани учун миннатдорлик билдирди.

«Бугун ЖССТ учун ҳам, бутун жаҳон соғлиқни сақлаш соҳаси учун ҳам ажойиб кун бўлди. АҚШнинг тутган глобал ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, мен президент Жо Байден, вице-президент Камала Харрис ва АҚШ халқини табриклайман», – деди ташкилот раҳбари пайшанба куни ЖССТ ижро қўмитасининг 148 чи сессиясида сўзга чиқиб.

У Байденга ЖССТга қайтгани ва COVAX ҳамда АСТ дастурларига қўшилишга тайёр экани учун миннатдорлик билдирди. COVAX вакцинани барча мамлакатлар ўртасида тенг тақсимланишини мувофиқлаштириб боришга йўналтирилган дастур ҳисобланади. АСТ дастури эса COVID-19 га қарши вакцина ҳамда дори-дармон тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни назарда тутади.

«ЖССТ миллатлардан ташкил топган бир оиладир. Биз АҚШнинг оилада қолганидан хурсандмиз», – дея таъкидлади Тедрос Адханом Гебрейесус.

ЎзА