Демократлар уч нафар янги сенатор қасамёд қабул қилгандан кейин АҚШ сенатида расман назоратни қўлга олди.
Жоржиялик демократ-сенаторлар Жон Оссофф ва Рафаэль Уорноклар қасамёд қилди. Улар иккинчи турда рақиблари республикачи сенаторларни мағлубиятга учратган эди. Шунингдек, Калифорния губернатори тайинлаган Алекс Падилья ҳам Сенатга қўшилган. У Камала Харрис ўрнига тайинланди.
Шундай қилиб, сенатда икки партиядан сенаторлар тақсимланиши элликка эллик бўлди, бироқ вице-президент Харрис расман Сенат президенти сифатида овозлар тенг тақсимланганда, овоз бериши мумкин. Бу демократларга палата устидан техник назорат қилиш имконини беради.
Энди республикачилар ва демократлар етакчилари лавозимларни ва қўмиталарни тақсимлаб олиш бўйича бир қарорга келиши зарур бўлади.