Демократлар вакили, собиқ вице-президент, 36 йил конгресс аъзоси бўлган Жозеф Байден бугун АҚШнинг 46-президенти сифатида Оқ уйга кириб келади. 78 ёшли Байден учинчи бор уриниши натижасида ушбу юксак лавозимни эгаллади. Қолаверса, у ҳозиргача сайланган энг кекса президент сифатида ҳам АҚШ тарихида қолади.
Жо Байден 2020 йил ноябрда бўлиб ўтган сайловда Дональд Трампни мағлубиятга учратди. Ҳолбуки, Байден бунгача ҳам икки марта давлат раҳбарлигини эгаллашга ҳаракат қилган.
Биринчи марта, яъни 1987 йили у плагиатликда айбланиб пойгадан чиқиб кетган, иккинчи бор, яъни 2008 йили демократлардан номзод кўрсатиш жараёнида Барак Обамага ютқазган. Кейинчалик у Обама даврида вице-президентлик қилди. Байден Обама президентлик қилган икки муддат давомида АҚШда иккинчи шахс бўлиб келди.
Қолаверса, Байден ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида конгресс аъзоси сифатида катта сиёсат майдонида энг таниқли шахслар сафида.
Кичик Жозеф Робинетт Байден 1942 йил 20 ноябрь куни АҚШнинг Пенсильвания штатида дунё келган. Ёшлигида дудуқлангани боис, тенгдошлари, ҳатто, ўқитувчилари орасида кулгига қолиб юрган Байден ўзидаги камчиликни тўғрилаш учун кўзгу қаршисида туриб, ирланд шоирлари шеърларини овоз чиқариб, ёддан айтарди. Эҳтимол, ўша машқлар унинг муваффақиятлари учун замин бўлгандир?! Зеро, у ҳозиргача ажойиб воиз ҳисобланади, кексалигида ҳам омма олдида ўзини аъло даража тута олади, маърузаларни тутилмай, ёддан ўқийди.
Байден ҳуқуқий маълумотга эга. Айнан ҳуқуқшунослик бутун ҳаёти давомида унинг асосий касби бўлиб келди.
Байден оилапарварликда ҳам намуна бўлиши мумкин. У биринчи турмуш ўртоғи ва 13 ойлик қизидан 1972 йили автоҳалокат туфайли жудо бўлган. Иккинчи оиласи билан 40 йилдан буён бирга ҳаёт кечирмоқда.
2015 йил Жозеф ҳаётидаги яна бир катта фожеа – ўғли Бо ҳаётдан кўз юмиши туфайли президентлик пойгасида қатнаша олмади. Ўшанда кўпчилик вице-президент Жо Байден сайловга номзодини кўрсатади ва республикачилар вакили Дональд Трампга қарши чиқади, деб ҳисоблашган эди. Афсуски, ўғлининг ўлимидан қаттиқ қайғурган Байден сайловда қатнашмасликни маъқул кўрди. Унинг ўрнига демократлар Хиллари Клинтон номзодини илгари суришди ва Трампга ютқазишди.
2017 йили Обама маъмурияти ўз фаолиятини тугатишдан анча олдинроқ вице-президент Жо Байденга энг асосий президентлик мукофоти – Озодлик медалини топширди. Ўшанда Обама уни маросим иштирокчиларига «Америка тарихидаги энг зўр вице-президент, жаноб Жо Байден” дея таништирганди.
Айтишларича, Байден Обаманинг бош маслаҳатчиси бўлган. Обама ўзининг ҳар қандай қарорини оммага маълум қилишдан аввал, албатта, Байден билан маслаҳатлашган экан.
Конгрессдаги кўп йиллик фаолияти даврида Байден дунё сиёсатининг, деярли, барча ҳал қилувчи воқеаларида иштирок этгани эътироф этилади.
Байден президентликка сайланганидан кейин нафақат АҚШни халқаро битимларга қайтаришини, балки янги давр қуролларини назорат қилиш бўйича Вашингтон мажбуриятлари янгиланишини ҳам такрор-такрор айтиб келади.
У ўтган йил март ойида “Foreign Affairs” журналида эълон қилган мақоласида президент сифатида АҚШда демократияни янгилаш, мамлакатнинг иттифоқчилик муносабатларини кучайтириш, иқтисодий келажагини ҳимоя қилиш ва Американи халқаро майдонда яна етакчига айлантириш учун кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришини таъкидлаган эди.
Жозеф Байденнинг инаугурацияси маросими бугун, Тошкент вақти билан 23.00 да бошланади. Шундай кейин у расман президентлик фаолиятига киришади. Дунё ҳар доим ўзгаришга, янгиланишга чанқоқ. Зеро, тараққиёт айнан шуни тақозо этади, аслида.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА