Бугун – 2021 йилнинг 20 январь куни Дональд Трампнинг АҚШ президентлигидаги ваколати муддати тугайди. У Оқ уйни тарк этмоқда.
Ўтган тўрт йил Трамп ҳаётининг энг фаол ва қарама-қаршиликларга бой даври сифатида эсланса, ажабмас. Зеро, унинг раҳбарлик курсисига ўтириши ҳам можаро билан бошлангани, кетиши ҳам шов-шув остида юз бераётганига ҳамма гувоҳ бўлиб турибди.
Ёдингизда бўлса, Трампнинг президент сайловидаги устунлигини атиги бир нечта овоз ҳал қилган эди. Демократлар вакили Хиллари Клинтон кўпроқ овоз тўплагани маълум бўлиб турган бир пайтда, сайловчилар коллегияси, кутилмаганда, ғалабани Трампга тақдим этганди. Қанчалик оғир бўлмасин, ўшанда Клинтон хоним қонун устуворлигини намойиш қилиб, тақдирга тан берди, Трампга йўл очди.
Трамп ва Жозеф Байден қарама-қаршилиги ҳам ўша тарихни, деярли, такрорлади, десак муболаға бўлмаса керак.
Сайловчилар коллегиясининг якуний қароридан сўнг ҳаётида мағлубият билан муроса қилишга ўрганмаган Трамп ҳокимиятни осонликча бериб қўймаслигини бутун дунё аҳлига намойиш қилганига гувоҳ бўлдик.
Шубҳасиз, АҚШ тарихидаги барча президентлар ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Дональд Трамп ҳам бундан мустасно эмас, албатта.
Америка Қўшма Штатларининг 45-президентининг фаолияти қайси воқеалар билан ёдда қолди?
Дональд Трампнинг мигрантлар масаласига муносабати, АҚШ – Мексика чегарасида девор тортиш ғояси анча шов-шувга сабаб бўлгани рост. Эрон билан Ғарб давлатлари ўртасида ядро дастури бўйича имзоланган шартномадан чиқиб кетилиши, Хитойга қарши иқтисодий уруш эълон қилиниши ҳам дунё ҳамжамияти орасида жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлди. НАТО аъзоларини мудофаа харажатларини оширишга ундаш, иттифоқчи мамлакатлардан уларни қўриқлаётгани учун АҚШга пул тўлашни талаб қилиш эса Трампнинг ташқи сиёсатдаги ўзига хос қарашларини яна бир бор намойиш қилди, десак адашмаган бўламиз. Афғонистонда кечаётган урушга чек қўйиш ва АҚШ аскарларини ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетиш мақсадида Толибон ҳаракати билан музокаралар олиб боргани Афғонистонда, ниҳоят, тинчлик ўрнатилишига умид уйғотди. Пандемия даврида бутун дунёда карантин жорий қилинаётган бир пайтда у АҚШ фуқароларини коронавирусдан ҳимоя қилишни кучайтириш ўрнига, айбни Хитойга ағдариши ёки яқинда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини тан олмагани ҳам дунё ҳамжамиятида қарама-қарши фикрлар уйғотди.
Шу билан бирга Трамп хато қилишга ўрганмаган, қилинган хатони тан олмайдиган шахслар тоифасидан экани ҳам кўп бор эсланса керак. Зеро, у ҳар доим ўз қарори тўғрилигини таъкидлаб келгани ҳеч кимга сир эмас. Буни у Оқ уйдан кетар чоғи мурожаатнома билан чиқиш қилганда яна бир бор исботлади.
Оқ уйдан тарқатилган ушбу мурожаатномада Трамп давлат раҳбари сифатида “Америкада ҳокимият халқ олдида ҳисобдор экани ҳақидаги муқаддас ғоя”ни қатъий эътироф этаркан, “ўн йил давомидаги уруш бошламаган биринчи президент бўлганини» ҳам алоҳида таъкидлади.
Трампнинг фикрича, унинг маъмурияти АҚШ “қудратини” ҳамда “Американинг халқаро майдондаги етакчилигини” қайта тиклаган.
У Жо Байден бошчилигидаги янги маъмуриятга мамлакат хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш йўлида муваффақият тилар экан, ўзининг сиёсий ҳаракати ҳали йўл бошида турганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
«Мен чоршанба куни ҳокимиятни янги маъмуриятга топширишга тайёргарлик кўряпман. Шуни билишингиз керакки, биз бошлаётган ҳаракат, бу – фақат бошланиши», – деган у.
“Трамп қандай президент?”, деган саволга куни кеча “NPR” давлат радиостанцияси, “PBS News Hour” дастури ва “Marist” ижтимоий сўров фирмаси аҳоли орасида ўтказган сўров натижалари ҳам бир қадар ойдинлик киритади.
Сўровда иштирок этганларнинг 47 фоизи Трамп Америка тарихидаги энг муваффақиятсиз президентлардан бири сифатида ёдда қолишини таъкидлаган.
Респондентларнинг 16 фоизи эса унинг АҚШ тарихидаги энг яхши президентлардан бири, 11 фоизи “ўртачадан яхшироқ”, 13 фоизи “ўртачадан пастроқ”, деган фикрни билдирган.
Шундай қилиб, АҚШ президентилигидан кетаётган Дональд Трамп на Жо Байден ғалабасини тан олди, на инаугурация маросимида қатнашадиган бўлди. Аксинча, у Вашингтонни Жо Байденнинг инаугурациясидан 4 соат олдин тарк этишини маълум қилди.
Хўш, бу қадам Трамп ҳаммасига қўл силтагани, келгусида сиёсатга қайтмаслигини билдирадими? Йўқ, албатта.
“Wall Street Journal” ишончли манбаларга таяниб ёзишича, Дональд Трамп сўнгги кунлари янги сиёсий партия тузиш масаласини муҳокама қилган. Хабарда у мазкур масалада ёрдамчилари ва бошқа яқинлари билан маслаҳатлашгани айтилади.
Хабарда янги партия тузиш катта харажат талаб қилиши эслатиларкан, Трампнинг ҳали республикачилар партиясига жалб қилинмаган тарафдорлари ҳам жуда кўп эканига, бошқача айтганда Трампнинг сиёсий фаолиятида ҳали ишга солинмаган ресурслар етарли эканига эътибор қаратилган. Демак, ҳали ҳаммаси олдинда бўлиши ҳам мумкин…
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси