АҚШ президентлигига сайланган Жо Байденнинг инаугурацияси яқинлашган сайин, Вашингтон шаҳрида, хусусан Капитолий тепалиги атрофида кўрилаётган хавфсизлик чоралари энг юқори даражага етказилмоқда. Шаҳардаги ҳар қандай кутилмаган ҳодиса, албатта, шу маросимга таҳдид сифатида қабул қилинмоқда.
АҚШ тарихида камдан-кам кузатиладиган айни ҳолат, бугунги кунда нафақат мамлакат ичкарисида, балки жаҳонда ҳам оммавий ахборот воситалари диққат-эътиборини жалб қилган.
Масалан, кеча “NBC News” телеканали ҳуқуқ-тартибот органи вакили берган маълумотга таяниб, Капитолий яқинида ёнғин келиб чиққани тўғрисида хавотирли хабар тарқатди.
Ахборотда айтилишича, “ташқи таҳдид” сабабли Капитолий мажмуасига барча кириш йўлаклари ёпилган, инаугурация репетициясида қатнашаётганлар зудлик билан хавфсиз жойга олиб ўтилган.
Кейинроқ АҚШ махфий хизмати ижтимоий тармоқ орқали ёнғин ўчирилганини эълон қилди.
– Жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Колумбия округи Вашингтон шаҳридаги Биринчи туман ва Ф-Стритда кичик ёнғинни ўчиришди, – дейилади хабарда. – Хавфсизлик нуқтаи-назаридан Капитолий биноси вақтинча ёпиб қўйилди. Энди жамоатчилик учун хавф йўқ.
Шунга қарамай, Капитолий атрофи кириб бўлмас, мустаҳкам қўрғонга айлантирилган. Кўчада юрганлардан пана жойга яшириниш сўралмоқда, дея маълум қилади “NBC News” телеканали “Twitter” орқали.
«Ташқи хавф таҳдиди кучайгани боис Капитолий мажмуаси таркибидаги барча биноларга кириш ва чиқиш тўхтатилган, эшик, деразалардан нари кетинг. Кимки кўчада бўлса, панага яширинсин», – дейилади хабарда.
Капитолий тепалиги узунасига тўсиқлар билан ўралган, конгресс биносига камида бир километр яқинлашишнинг имкони йўқ. Кўчаларда ҳарбийлар юрибди.
– Конгресс биноси атрофидаги майдон ҳарбийлар лагерини эслатади, – дейди “РИА Новости” мухбири. – Чор атрофда ҳарбий техника, аскарлар саф-саф бўлиб юришибди.
Фуқаролар бу ерга кириши ман қилинган.
Аввал инаугурация хавфсизлигини Миллий гвардияниг 25 минг аскари таъминлаши айтилганди. Шу боис, кўчаларда ҳарбийлар сони тобора кўпаймоқда. Улар портловчи қурилмалардан фойдаланиш эҳтимолига тайёр туриш ҳақида огоҳлантирилган. Ён-атрофда шахсий таркибни ташувчи юк машиналар ва “Hummer” жиплари кўринади.
Трамп тарафдорлари ҳам жим туришмаган кўринади. Хабарда таъкидланишича, амалдаги президентни қўллаб-қувватлаётган одамлар турли штатларда норозилик чиқишларини уюштиришмоқда.
Кеча ярим тунга келиб, Вашингтонда комендантлик соати амал қила бошлади.
Шаҳар маркази, деярли, бўм-бўш. Америкалик телерепортёрлар бу қадар кескин хавфсизлик чораларини ҳеч қачон кўрмаганликларини айтишмоқда.
АҚШ президентлигига сайланган Жо Байденнинг инаугурацияси 20 январга мўлжалланган.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА