Суданнинг Ғарбий Дарфур вилояти Генейна шаҳрида қуролли тўқнашувлар натижасида қурбонлар сони 129 кишига етди, 198 киши жароҳат олган, деб хабар беради “Baj News” нашри вилоят шифокорлари қўмитаси баёнотига таяниб.

Аввалроқ тўқнашувлар оқибатида 97 киши қурбон бўлгани, 160 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, хабарда зўравонликлар ўтган шанба куни Генейна шаҳри аҳолисининг бири ўлдирилгандан кейин бошлангани айтилмоқда.

Шаҳарда вазият нисбатан тинч бўлишига қарамай, зўравонликлар ҳудуди кенгайиб бормоқда. Генейна воқеалари билан бир вақтда Мурни ва Какар тумани касалхоналарига ҳам кўплаб ҳалок бўлганлар жасадлари келтирилган, дейилади шифокорлар берган баёнотда.

Тахмин қилинишича, жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар кўп, бироқ мураккаб вазият туфайли уларни олиб келиш қийин. Қўмитанинг маълум қилишича, минглаб кўчиб юрувчи аҳоли бошпанага эга эмас. Улар сув, озиқ-овқат ва дори-дармон етишмаслигидан азият чекмоқда.

Нашрнинг ёзишича, шифокорлар қўмитаси Суданнинг вақтли ҳукуматидан юз бераётган тартибсизликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш, Ғарбий Дарфур вилоятини офат қурбони бўлган ҳудуд деб эълон қилиб қон тўкилишини тўхтатиш ва жабрланганларни қутқариш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрашни талаб қилган.

Суданнинг ғарбий қисми бўлмиш Дарфур минтақасида 2003 йилдан буён Судан ҳукумати ва айирмачи гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Турли маълумотларга кўра, можаро бошлангандан буён зўравонликлар оқибатида 300 мингдан 500 минггача киши ҳалок бўлган, 2,5 миллион киши уйини ташлаб, қочқинга айланган.