“Samsung Electronics” вице-президенти ва “Samsung Group” меросхўри, амалда конгломератни назорат қилиб келаётган Ли Чжэ Ёнга икки йил-у олти ойлик қамоқ жазоси берилди. “Рёнхап” ахборот агентлиги суд қарорига таяниб ёзишича, у пора берганликда айбланган.

Сеул юқори суди Самсунгнинг асосий меросхўрини ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳукуматни сотиб олишга урингани учун озодликдан маҳрум қилди. Ли Чжэ Ён суд залидаёқ ҳибсга олинди.

Компаниянинг собиқ раиси Ли Гон Хи 2020 йил 25 октябрда Сеулдаги “Samsung” касалхонасида вафот этган эди.

Энди меросни тақсимлаш жараёни бир неча йилга чўзилиши мумкин.

Ли Гон Хи 2014 йили юрак хуружига учраганди. Шундан кейин корпорация устидан назорат қилиш ваколати унинг ўғли, гуруҳ шуъба компанияси – “Samsung Electronics” вице-президенти, 52 ёшли Ли Чжэ Ёнга ўтди.

Жанубий Корея прокуратураси Ли Чжэ Ённи конгломерат устидан назорат ўрнатиш учун 2014 йили акцияларга доир қонунбузарлик ҳамда корпорация ичидаги компанияларни бирлаштириш йўли билан ноқонуний ишларни амалга оширганликда айблаб чиқди.

Айбланувчи собиқ президентнинг яқин дугонасига 8,9 миллиард вон (тахминан саккиз миллион доллар) миқдорида пора бергани ҳам айтилмоқда. Ушбу пора эвазига ҳукумат Самсунгнинг бир қатор шуъба корхоналарини бирлаштиришни қўллаб-қувватлаши лозим бўлган.

«Судланувчи собиқ президент Пак Кин Хе талабига кўниб, фаол равишда пора бериб келган. У отасидан ҳокимиятни олиш учун президентдан фойдаланишга уринган», – дейилади суд қарорида.

Пак Кин Хе 2017 йил конгломерат билан боғлиқ порахўрлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, импичмент натижасида лавозимидан кетган эди. Давлат раҳбари узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ўшанда Ли Чжэ Ён ҳам ҳибсга олиниб, беш йилга қамалган. 2018 йил февралда эса суд унинг апелляциясини қайта кўриб чиқди ва исботланган пора миқдорини пасайтириб, беш йиллик қамоқ жазосини шартли қамоққа ўзгартирди. 2019 йил августда эса Олий суд Ли Чжэ Ён ишини яна қайта кўриб чиқиш юзасидан қарор чиқарди.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА