Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, даволаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бўлган диққат ва эътибор алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу муассасаларининг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиши оғир ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга оширишда муҳим ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи аҳолисининг юрак қон-томир касалликларини соғломлаштириш маркази анча йиллардан бери аҳолига кардиология соҳаси бўйича тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бунда асосан юрак қон-томир касалликларини даволаш, жумладан, жарроҳлик амалиётларининг самарали амалга оширилиши беморларнинг тез фурсатда соғайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Албатта, инсоннинг муҳим аъзоси бўлган юрак ва унга доир жарроҳлик амалиётлари ҳеч қачон осон ўтмаган. Жарроҳларнинг мураккаб амалиётларни муваффақиятли ўтказишида эса операцион қурилмаларнинг ўрни алоҳида эканлиги маълум.
Ўтган 2020 йилнинг март ойида ушбу марказга маҳаллий бюджет ҳисобидан 730 минг АҚШ долларига «General Electrics» компаниясининг Универсал Ангиографик система IGS 5 модели олиб берилди. Қурилма ишга тушган ўтган йилнинг 19 март санасидан буён марказнинг интервенцион кардиологлари томонидан 300 дан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Уларга мисол тариқасида, юрак томирларининг ангиографияси ва стентлаш амалиётлари туғма юрак нуқсонлари, туғма клапанли торайишларни баллон орқали вальвулопластика амалиёти, юрак аритмияларида – радио частотали абляция орқали аритмияларни даволаш, периферик томир ангиографиялари ва интервенциялари, бош мия қон томирларида ангиография ва интервенциялар ва бошқаларни қайд этиш мумкин.
Бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларни марказнинг интервенцион кардиохирурглари Неъмат Кутимов, Шерзод Каримов, Рахат Қошжанов ва анестезиолог Рахматулла Зариповлар маҳорат билан амалга ошириб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи аҳолисининг юрак қон-томир касалликларини соғломлаштириш марказидаги мана шундай жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий тиббий қурилманинг мавжудлиги жарроҳлик амалиётларининг юқори аниқликда ва сифатли ўтишини таъминламоқда. Бу эса касалликдан азият чекаётган инсонларга умид бағишлаб, уларни ҳаётга қайтармоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА