АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонни президентликка сайланган Жо Байден инаугурацияси куни, 20 январь эрталаб тарк этмоқчи, деб хабар тарқатди Рейтер агентлиги айни маълумот билан яхши таниш бўлган манбага таяниб.
Бир ҳафта аввал Трамп Жо Байденнинг инаугурациясида иштирок этмаслигини маълум қилганди. Шу билан бирга, у Вашингтонни 19 январь куни тарк этиши мумкин, деган хабар ҳам тарқалган эди.
Манбада айтилишича, Трамп Мэриленд штатидаги Эндрюс авиация базасида хайрлашув маросими ўтказишни режалаштирган. АҚШ президенти фойдаланиб келаётган самолёт айнан шу ерда сақланади. Қўшимча қилинишича, кейинроқ Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига йўл олади.
Шундай қилиб, Трамп ўрнини эгаллаган президент инаугурациясида иштирок этмаган АҚШ тарихидаги тўртинчи президент бўлади.
ЎзА