Садир Жапаров 79,23 фоиз овоз тўплаб, Қирғиз Республикасида муддатидан олдин ўтказилган навбатдаги президент сайловида ғолиб чиқди.

Ушбу расмий маълумотни республика Марказий сайлов комиссияси, овозларни қўл билан санаш якунига кўра, бугун – 2021 йил 16 январда эълон қилди.

МСК таҳлилига биноан, 100 фоиз бюллетень санаб чиқилгач, Жапаров учун 1,1 миллион киши ёки қатнашган сайловчиларнинг 79,23 фоизи овоз бергани аёнлашди. Иккинчи ўринни эгаллаган Адахан Мадумаровни 95 минг фуқаро, яъни 6,8 фоиз сайловчи ёқлаган.

Ўтган якшанба куни Қирғизистонда президент сайлови ва республикада бошқарув шаклини аниқлаш мақсадида референдум бўлиб ўтди. Ушбу жараёнда рўйхатга олинган сайловчилар, бошқача айтганда, мамлакатдаги овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 40 фоиздан камроғи иштирок этди.

Референдум натижасига кўра, 1,1 миллиондан зиёд одам президент институтини кучайтириш тарафдори, парламент бошқаруви эса 152 минг киши ёки 11 фоиздан камроқ сайловчи томонидан маъқулланди, яна 62 минг киши (4,5 фоиз) ҳар икки бошқарув шаклига қарши чиққан.

ЎзА