Индонезиянинг Сулавеси оролида юз берган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони яна 26 тага кўпайди, деб хабар берган “Франс-Пресс” агентлиги Табиий офатларга қарши кураш бўйича миллий бошқарма берган маълумотга таяниб.
6,2 балл магнитудали зилзила маркази ғарбий Сулавеси вилоятининг Мамужу шаҳри яқинида экани аниқланган. Аввалроқ ҳодиса туфайли 7 киши қурбон бўлгани ва 600 киши жароҳат олгани айтилганди.
Ер қимирлаши оқибатида кўплаб бинолар қулаган. Қутқарувчилар одамларни вайроналар остидан олиб чиқиш учун оғир техника воситаларидан фойдаланмоқда.
“Зилзила маҳаллий шифохонани ҳам вайрон қилди. Шифокорлар ва беморлар йиқилган деворлар тагида қолиб кетган”, дейилади хабарда.
Табиий офатларга қарши кураш бўйича маҳаллий бошқарма раҳбарининг айтишича, Мамужу шаҳрининг ўзида 26 киши ҳалок бўлган.
«Бу рақам ҳали ўзгариши мумкин, чунки қутқарув ишлари давом этяпти», – дейди мулозим.