АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден мамлакатнинг солиқ тўловчи фуқароларига тўғридан-тўғри 1,4 минг доллардан ёрдам пули ажратиш таклифини билдирган. Айни масала шу кунларда эълон қилинган Байденнинг иқтисодиёт билан боғлиқ режаларида кўтарилган.
Байден америкаликларга 1400 доллардан беришни таклиф қилди
АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден мамлакатнинг солиқ тўловчи фуқароларига тўғридан-тўғри 1,4 минг доллардан ёрдам пули ажратиш таклифини билдирган. Айни масала шу кунларда эълон қилинган Байденнинг иқтисодиёт билан боғлиқ режаларида кўтарилган.
Демак, конгресс томонидан аввал маъқулланган, яъни солиқ тўловчиларга 600 долларлик чек тарқатиш тўғрисидаги қарор ривожлантирилиб, фуқароларга ажратиладиган тўғридан-тўғри моддий кўмак миқдори декабрь-январь ойлари учун 2000 долларга етади. Эслатиб ўтиш жоиз, АҚШда пандемия бошлангандан буён ҳар бир киши жами 3200 доллардан олган.
Тўғри, федерал маблағ сарфланишига тааллуқли бу лойиҳа амалга ошиши учун Байденнинг таклифини, аввал, конгресс тасдиқлаши шарт.
Шунингдек, Жозеф Байден ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур режада Америка иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун яна 1,9 триллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган. У конгрессни қўшимча маблағ ажратишга чақириб, бу пулларни вакцина ишлаб чиқариш ва эмлаш, фуқароларни тестдан ўтказиш ва мактаблар очишга сарфланишини айтган.
– Сайланган президентнинг Америка иқтисодиётини қутқариб қолиш мақсадида 1,9 триллион доллар ажратишга қаратилган қарори унинг ниятлари ўта жиддий эканидан дарак, – дейилади ўтиш даври жамоаси – Байден штаби баёнотида. – Тўғри, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш осон кечмайди, аммо бу ишни амалга оширса бўлади. Мазкур қадам иқтисодиётни тиклашга, вирус устидан ғалаба қозонишга ёрдам беради.
Байден таклифига кўра, 170 миллиард доллар катта мактаблар ва олий ўқув юртларини қўллаб-қувватлашга, 130 миллиард маблағ эса ўқув муассасаларини хавфсиз тарзда очилишига йўналтирилади. «Бу режа президентликнинг дастлабки 100 кунлигида мактабларимиз фаолиятини тиклаш бўйича олдимизга қўйилган мақсадларга эришишни назарда тутади», – дея таъкидланган ҳужжатда.
Баёнотда, шунингдек,»сайланган президент режасига мувофиқ, 50 миллиард доллар тест жараёни кўламини кенгайтиришга, экспресс-тест воситалари харид қилишга, лабораториялар фаолиятини кучайтиришга инвестиция киритишга сарфланиши» қайд этилган.
Қолаверса, Байден конгрессга мурожаатида мамлакат аҳолиси ҳаёти муҳофазаси учун зарур бўладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 160 миллиард доллар ажратиш орқали миллий эмлаш дастурини яратиш, тест таҳлиллари кўламини кенгайтириш, жамоат соғлиғини сақлаш соҳасидаги мавжуд имкониятларни бандлик дастурига сафарбар қилиш режасини ойдинлаштирган. Шу йўл билан у конгрессни вирусга қарши кураш билан боғлиқ қўшимча имкониятлар юзага чиқишини таъминловчи қатор зарур қадамларни ташлашга қаратилган мазкур режани бажаришга даъват этган», – дейилади баёнотда.
Айни вақт конгресс таркибидаги демократлар Байденнинг АҚШ иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга 1,9 триллион доллар йўналтириш ниятини маъқуллашди.
«Шаклланажак Байден-Харрис маъмурияти томонидан эълон қилинган зудлик билан молиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарор – жуда тўғри йўл», – дейилади Қўшма Штатлар вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумернинг қўшма баёнотида.
«Биз конгресс палаталари тасдиқлагач ва ҳужжат имзолангач (президент томонидан), сайланган президент Байден томонидан ишлаб чиқилган концепцияни қонунга айлантириш учун дарҳол ишга киришамиз», – дея қўшимча қилган Пелоси ва Шумер.
Конгресснинг янги таркибида демократлар сезиларли даражада кўпчиликни ташкил этиши инобатга олинадиган бўлса, мазкур қонун лойиҳаси амалга ошиши анча енгил кечишини англаш қийин эмас.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА