Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада энергетика соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, мазкур йўналишда амалга ошириладиган лойиҳа ва режаларни бирма-бир санаб ўтди.

Хусусан, иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бориши, нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказиш лозимлиги таъкидланди.

Президентимиз 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозори шакллантирилиши, биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланганини мисол тариқасида келтириб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган фракциялараро мунозарада энергетика соҳасида истиқболда белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Ҳозирги кунга келиб электр энергетикаси соҳасида ўнга яқин халқаро ҳамкорлар билан қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартномалар имзоланган. Ушбу шартномалар доирасида Навоий, Самарқанд, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида фотоэлектр қуёш электр станцияси, буғ-газ электр станцияси ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, генерация қувватларини оширишда эълон қилинган танловлар бўйича Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 600 МВт ва қиймати 535 миллион доллар бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тендер савдолари давом этмоқда. Режага кўра, станциялар 2023 йилнинг биринчи ярмидан тўлиқ қувватда ишлашни бошлайди ва йиллик 1,05-1,240 миллиард кВт соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаради.

Тадбирда газ таъминоти масалалари ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Газ таъминоти соҳасини тубдан такомиллаштириш ва соҳани халқаро бизнес юритиш стандартлари даражасига олиб чиқиш мақсадида ОТБ халқаро консультанти – Arild Dyrseth (Норвегия) билан биргаликда “Ўзтрансгаз” АЖнинг Корпоратив трансформация режаси ва Ислоҳотлар “Йўл харитаси” ҳамда табиий газ бозорини ташкил этиш бўйича таклифи ишлаб чиқилган.

Унга кўра, “Ўзтрансгаз” АЖни газ узатиш тизимининг ягона операторига айлантириш ва газ таъминоти бозорида эркин рақобат муҳитини яратиб, барча иштирокчилар (ишлаб чиқарувчи, йирик истеъмолчилар, трейдерлар) иштирок эта оладиган Табиий газ биржасини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 апрелга қадар харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда “мувофиқлик тизими” (комплаенс) ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилади. Молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш, 3 йиллик бизнес-режа ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси нуфузли халқаро консалтинг ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ташкилий самарадорликни ошириш ва жараёнларни оптималлаштириш мақсадида халқаро амалиётга мувофиқ, “Ўзтрансгаз” АЖ газ узатиш тизимининг босқичма-босқич соф операторига айлантирилади.

Тадбирда таъкидланганидек, ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш ва улгуржи истеъмолчилар табиий газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” АЖ эса фақат газ транспортировкаси билан шуғулланади.

Депутатлар бунга эришиш учун бир қанча бозор механизмларини назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратди. Хусусан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Энергетика соҳасида келгусида амалга ошириладиган ишлар бир қарашда бу тизимда умуман муаммо қолдирмайдигандек. Аммо йил якунида, яъни қиш мавсуми бошланиши билан яна ўша эски ҳаммом, эски тос. Қишлоқларда газ йўқ, электр энергиясини ҳам соат санаб беришади. Уйлар совуқ. Cинфхоналар совуқлигидан болаларнинг мактабга боришга юраги бетламайди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА