Нукус гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви (СЧР) батальонининг капитал таъмирланган биноси фойдаланишга топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Муратбай Жуманов, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбирда округ қўшинлари қўмондони ҳарбий хизматчиларни яқинлашиб келаётган Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан табриклади.

–Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан 2020 йилнинг декабр ойида округимизда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, барча шароитларга эга бўлган “Нукус” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилиши тарихий воқеа бўлди. Бу ўз ўрнида ҳарбий бўлинмаларимизнинг жанговар шайлигини янада оширишга қўшимча имконият яратди, – деди полковник Фарҳоджон Шерматов.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Муратбай Жуманов эндиликда бу маскан СЧР хизматига келган йигитлар учун назарий билимларни ўзлаштирадиган, ватанпарвар қилиб тарбиялайдиган асосий билим даргоҳларидан бирига айланишини тилади. Президентимиз томонидан Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига яратилаётган қулайликлар ва шарт-шароитларга ҳарбий хизматчилар ўзларининг фидокорона хизматлари билан муносиб жавоб қайтаришига ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоизки, 500 ўринга мўлжалланган СЧР батальони биноси уч қаватдан иборат бўлиб, олдин бу ерда хизматчиларнинг яшаши ҳамда сифатли таълим-тарбия олиши учун шароитлар етарли бўлмаган. Олиб борилган капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари натижасида бино тўлиқ реконструкция қилиниб, эскириб кетган мебель ва жиҳозлар янгиланди.

Батальон биносининг ички қисмида бўлинма командирлари учун 10 та хизмат хонаси, бир вақтнинг ўзида 500 нафар хизматчини жойлаштириш имконига эга бўлган 13 та машғулот ва 3 та маиший хизмат кўрсатиш хонаси, 3 та кенг ва шинам ётоқхона бор. 5 та санитар тизим қайта такомиллаштирилди. 7 минг бадиий адабиёт ва 10 мингта электрон китобга эга бўлган ҳамда Ziyo-net миллий ахборот-таълим тармоғига уланган кутубхона бу ерда ёшларнинг маънавиятини, маърифатини юксалтиришга хизмат қилади.

Илгари хизматчиларнинг маданий ҳордиқ олиши, турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, кинофильмлар томоша қилиши учун махсус ажратилган жойнинг бўлмагани тарбиявий ишларни ташкил этишда бирмунча қийинчиликлар туғдириб келган. 200 ўринга мўлжалланган янги мажлислар зали юқоридаги муаммоларга ечим бўлди.

600 ўринга мўлжалланган ошхона ҳам замонавий таъмирланди.

Эслатиб ўтамиз, СРЧ хизмати 2003 йилда чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида жорий этилган. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаган шахслар СЧР сафига олинади.

Тадбир давомида СЧР биносини таъмирлаш ишларини олиб борган корхона раҳбариятига ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан миннатдорлик билдирилди.

Бинонинг очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.