Бундан бир ой олдин Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан “Насафий” тахаллуси билан ижод қилаётган қўшиқчи Азизиддин Акмалов Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ижросидаги “Қора кўзли санамжон” номли қўшиғини ва шеърини муаллифнинг розилигисиз асар яхлитлигини бузган ҳолда ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштирган ҳолда моддий манфаат кўриб келгани ҳақида Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат келиб тушган.

Шунга кўра, агентлик мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий судга баённома киритди.

Интеллектуал мулк агентлиги матбуот котиби Феруз Жўраевнинг хабар беришича, суд Насафийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари яъни 669 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Шу ўринда кўпчиликда қўшиқчини жаримага тортишнинг нима кераги бор, ҳамма бир-бирини қўшиғини айтяпти-ку, деган эътирозлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, муаллифлик ҳуқуқи ҳар қандай рухсатсиз фойдаланишдан қонун билан ҳимояланган. Тасаввур қилинг, шахсий автомашинангизни ўзга бир шахс сизнинг рухсатингизсиз фойдаланса ва ундан моддий фойда олса, унга жимгина қараб турмайсиз. Эгалик ҳуқуқингизни талаб қиласиз. Қўшиқ ҳам ҳудди шундай муаллифнинг шахсий мулки ҳисобланади. Кимдир ундан фойдаланса, албатта мулк шартнома тузиш орқали рухсат олиши керак бўлади.

Агар сизнинг ҳам муаллифлик ҳуқуқларингиз бузилаётган бўлса, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятига аъзо бўлишингиз ёки тўғридан-тўғри Интеллектуал мулк агентлигининг 71 2325054 ҳамда телеграм ижтимоий тармоғидаги ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА