Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ташаббуси билан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мурожаатномадаги кўплаб масалалар қатори мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига бозор механизмларини жорий қилиш ҳамда камбағалликни қисқартиришда комплекс ёндашув масаласи давра суҳбатининг диққат марказида бўлди.

Тадбирда жорий йилда камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш, ўтган йилдан жорий этилган “Темир дафтар” тизимини янада такомиллаштирган ҳолда “Ижтимоий реестр”ни ишга тушириш ва кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Бунда депутатлар томонидан аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдорини эълон қилиш жараёни муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, минимал истеъмол харажатлар таркибида назарда тутиладиган маҳсулот ва хизматлар сонини ривожланган давлатлар тажрибаси асосида босқичма-босқич ошириб бориш бўйича аниқ муддатлари кўрсатилган режа асосида амалга ошириш лозимлиги бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, янги ишга тушириладиган “Ижтимоий реестр”га оилаларни киритиш ҳамда ундан чиқаришнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу мезонлар асосида ҳудудлар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, молиявий барқарор бўлмаган, фойда ўрнига зарар билан ишлаётган корхоналарга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу жараёнларда коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш муҳим ҳисобланади.

Давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш зарур.

Давра суҳбатида депутатлар томонидан давлат компанияларини трансформация қилишда молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, ҳар бир корхона учун нуфузли халқаро консалтинг ташкилотларини танлов асосида жалб қилган ҳолда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда “мувофиқлик тизими” ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, кузатув кенгашларига ва корхоналар бошқарувига малакали халқаро мутахассисларни жалб этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

2021 йилда иқтисодиётнинг камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминлашда хукумат томонидан зарур чоралар кўрилиши лозим.

Халқ вакиллари томонидан айниқса, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшган тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида, энг аввало, тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини сўзсиз таъминланишига, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турини бекор қилиш, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидаларни соддалаштириш, тадбиркорларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилишини кенгайтириш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилиши юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.

Йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш фаолиятини ўзини-ўзи банд қилишга тенглаштириш ҳамда якка тартибда тадбиркорлик асосида йўловчи ташиш хизматини кўрсатишни йўлга қўйишнинг осонлаштирилган тартибларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Йиғилишда Мурожаатномада билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг ишчи дастури режаси тасдиқланди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА