ЎзАнинг “Йил танлови – 2020” тадбирида пандемия даврида ҳалок бўлган шифокорлар – “Йил қаҳрамонлари” деб эътироф этилди.

Мукофот Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовага топширилди.

Бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1,7 миллиондан зиёди вафот этган.

Бу офат Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 2020 йил йил халқимиз учун оғир синовли йил бўлди.

Мамлакатимизда пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Афсуски, коронавирусдан вафот этган юртдошларимиз қаторида тиббиёт ходимлари ҳам бор.

Эътирофга лойиқ жиҳати шундаки, шундай оғир вазиятда тиббиёт ходимлари ўз касбига содиқ қолиб, бурчларини шараф билан бажарди ва бу жараён давом этмоқда. Ойлаб уйига, оиласи даврасига бора олмай шофохоналарда қолган, кунни тунга улаб заҳмат чеккан шифокорларимизнинг ҳар бири қаҳрамон, аслида.

Лекин ўз вазифасини бажараётиб, дардга чалинган, одамларга қалқон бўламан деб қурбон бўлганларни энди топиб бўлмайди. Уларнинг яқинларининг, жигаргўшаларининг айрилиқ азобини ювиб ташлаш чорасиз. Шу жиҳатдан коронавирус туфайли қурбон бўлган тиббиёт ходимлари икки карра қаҳрамон. Уларни ёдга олиш, хотирасига ҳурмат бажо келтириш эса – энг адолатли иш.

Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Н.Абдураимова, Оқил Ғуломов(сурат),ЎзА