Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг “Йил танлови – 2020” тадбири давом этмоқда.

Тадбирда “Йил янгилиги” номанациясига муносиб ишни амалга оширган ташкилот аниқланди.

Прописка тизимининг ислоҳ қилингани – “Йил янгилиги” сифатида эътироф этилди.

Мукофот Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хотамовга топширилди.

Қайд қилиб ўтиш керакки, 2020 йилда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлиш учун бу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш талаби бекор бўлди.

Қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” дастури воситасида амалга ошириш йўлга қўйилди.

Фуқаро доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи бериш амалиёти жорий этилди. Ушбу тартибга асосан паспортларга штамп босиш тартиби бекор қилинди.

Айнан шу янгиликлар ўтган йилда фуқароларни йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммолар ечим бўлди, муҳими бу юртдошларимизнинг хурсандчилигига, эътирофига сазовор бўлди.

 

Н.Абдуримова, ЎзА