Германиянинг GQ нашри экспертлари истеъмол қилинганда умрни қисқартирадиган озиқ-овқатларни маълум қилди.

Рўйхат бошидан ширин ичимликлар, масалан, газли ёки ширин таъм қўшилган ичимликлар жой эгаллади. Таъкидланишича, уларда ингредиентлар деярли йўқ. Фақат саноатда қўлланиладиган қўшимчалар мавжуд.

Зарарли озиқ-овқатларнинг иккинчи гуруҳига конфетлар, шоколад, ширин кулчалар, печенье ва бошқа ширинликлар киритилган. Уларни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳам ўта чуқур қайта ишланадиган озиқ-овқатлар турига киритган эди.

Германиялик экспертларнинг фикрича, музқаймоқ ҳам зарарли озиқ-овқат ҳисобланар экан. Бироқ ушбу ширинликдан юз ўгиришдан олдин унинг таркибига эътибор қаратиш лозим, дейди. Агар музқаймоқ янги табиий сутдан эмас қуруқ сутдан тайёрланган бўлса, демак қаршингизда ўта чуқур қайта ишланган ширинлик турибди.

Рўйхатдаги энг зарарли озиқ-овқатларнинг навбатдагиси турли бургерлар ва тез тайёрланадиган таомлар экан. Таъкидланишича, агар улар табиий ингредиентлардан тайёрланган бўлса, соғлиқ учун хавф туғдирмайди. Бироқ тез тайёрланадиган таомларга қўлланиладиган қўшимчалар бургерларни ўта чуқур қайта ишланган озиқ-овқатга айлантиради. Мақола муаллифи, умуман, тез тайёрланадиган таомлардан воз кечишга чақиради.

Бешинчи зарарли озиқ-овқат – қайта ишланган гўшт, дейишмоқда экспертлар. Бу ерда гап асосан, турли колбасалар, дудланган ва тузланган гўштлар ҳақида бормоқда. Экспертларнинг маслаҳатига кўра, гўшт харид қилишда унинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Инсон соғлиғига зиён келтирадиган озиқ-овқатлар рўйхатининг охирида музлатилган ярим тайёр егуликлар киритилган. Уларни истеъмол қилишдан олдин микротўлқинли печда иситишга тўғри келади. Бу айниқса тайёр пиццаларга тегишли.

Булардан ташқари, мутахассислар зарарли озиқ-овқатлар рўйхатига консерваланган мева-сабзавотларни ҳам киритишган, айниқса, сироп ҳолида сақланаётгани, дейди улар.

Германиялик экспертларнинг юқорида келтирилган озиқ-овқатлари аслида, одамларнинг кундалик таомланиш тарзига кириб бўлган. Улардан воз кечиш амримаҳол. Лекин ҳаммаси меъёрида бўлса яхши-да. Ҳарҳолда табиий маҳсулотлардан тайёрланган таомларни тановул қилганга нима етсин.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади,

ЎзА