Андижон вилояти Адлия бошқармасининг 2020 йил давомидаги фаолияти ҳамда жорий йил режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқарма мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда адлия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда Андижон вилояти адлия бошқармаси ва унинг туман, шаҳар тизимларида ўтган 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
– Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимларига 2020 йилда 4 минг 271 та мурожаатлар келиб тушган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Бозоров. – Мурожаатларнинг 3 минг 865 таси ҳал этилди. Хусусан, 2 минг 800 та мурожаат қаноатлантирилди, 1 минг 65 та мурожаат бўйича мурожаат қилувчиларга ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида турли идораларга 285 та тақдимнома, судларга 24,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириб бериш бўйича 480 та даъво аризаси, 45 та маъмурий таклиф киритилди.
Бошқарма ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 287 марта ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида 30 минг 571 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Таҳлилларга кўра, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ер кадастр, йўл қурилиш, ҳокимликлар ҳамда давлат харидлари тизимларида энг кўп қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Мутахассислар томонидан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан турли ташкилотларга 1 минг 295 та тақдимнома киритилди. Ана шу тақдимномалар асосида фуқароларга 7 миллиард 689 миллион сўм миқдоридаги маблағ қайтарилди. Шунингдек, 76 та ҳужжат ижроси тўхтатилди, 33 та ҳужжат ижроси бекор қилинди, 14 нафар мансабдор, 489 нафар масъул шахс хатти-ҳаракатлари бўйича интизомий жавобгарликка тортилди, уларнинг 21 нафари вазифасидан озод этилди.
Анжуманда якунланган йил давомида туман, шаҳар ҳокимларининг ноқонуний қабул қилинган 46 та қарори бекор қилинганлиги, умуман, қонунбузилиш ҳолатлари юзасчидан киритилган барча тақдимномалар ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, бошқарма, туман, шаҳар бўлимлари томонидан Интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, маслаҳат бериш ва кўмаклашиш бўйича 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказилганлиги қайд этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА