Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил бошидан амалиётга жорий этилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган эди.

Суд соҳасига жорий этилган ўзгариш ва янгиликларга тўхталадиган бўлсак, фармон билан вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилди.

Ҳозирга қадар эса алоҳида судлар фаолият юритиши турли харажат ва штатларни талаб этар эди. Лекин энг асосийси бу эмас. Балки ҳар бир судья кўрадиган ишлар сони қайсидир судларда кўп ва қайсиларидадир кам эди. Бу эса фуқароларга ҳам айрим ноқулайликлар туғдирган.

Мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда суд ишларини юритиш турлари бўйича ҳар бир вилоятда, Қорақалпоғистон Республикасида алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этилди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар  ташкил этилди. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланмоқда.

Ҳозиргача мавжуд бўлган 199 та туман (шаҳар) маъмурий судларининг ўрнига туманлараро маъмурий судларнинг ташкил этилишининг асосий сабаби шундаки, бугунгача маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишларнинг ўрта ҳисобда 90 фоизини маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ташкил этар эди. Жумладан, Олий суд (stat.sud.uz) маълумотига кўра, 2019 йил 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан биринчи инстанция тартибида 286 минг 772 та маъмурий ҳуқуқбузарлик, 25 минг 550 та материал ва 12 минг 159 та оммавий низо, жами 324 минг 481 та иш (материал)лар кўриб ҳал этилган.

Кўриниб турибдики, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо қилмоқда.

Бироқ, масаланинг яна бир жиҳати шундаки, энди маъмурий судлар ривожланган давлатлар (мисол учун Германия) илғор тажрибасида мавжуд бўлгани каби маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга янада кучлироқ ихтисослашишига имкон бўлади. Бу эса янги Ўзбекистоннинг танлаган йўли, яъни маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига бундан кейин ҳам катта эътибор қаратилишини англатади.

Судьялар мақомини кучайтиришга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилди. Шунингдек, судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди ҳамда судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилди.

Мурожаатномада таъкидлаб ўтилган муҳим ўзгаришлардан бири сифатида “бир суд – бир инстанция” тамойилини ҳам келтириб ўтиш лозим. “Бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлиги Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди.

Мазкур тамойилга кўра, туман, вилоят ва Олий суд даражасида бир-бирини қайтармайдиган инстанциялар жорий этилди. Бу эса, мисол учун туманлараро маъмурий судда биринчи инстанцияда кўрилган иш аппеляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўрилади. Кейинги инстанция сифатида кассация тартибида иш Олий судда кўрилиши мумкинлигини англатади.

Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

2021 йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди.

Юқорида таъкидлаб ўтилган муҳим ўзгариш ва янгиликлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни бундан кейин ҳам изчил давом этишини англатади.

Ўйлаймизки, Мурожаатномада назарда тутилган муҳим ташаббусларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси кучаяди.

Жўрабек Нематов, 

 ТДЮУ “Маъмурий ва молия ҳуқуқи”

 кафедраси доценти, юридик фанлар доктори.

ЎзА