Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб “Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили институтини жорий этиш механизмлари” мавзусида видеоконференцалоқа шаклида фракциялараро мунозара ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш таклифини илгари сурди. Ушбу вакил парламент қуйи палатаси йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Тадбирда Президентимизнинг мазкур таклифидан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бундай демократик институтни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев ННТлар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қонунчилик палатаси йиғилишларида доимий вакилнинг иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг рўёбга чиқарилишини ўрганиш, шунингдек, қабул қилинаётган қонунларнинг ННТлар фаолиятини амалга оширишга таъсири самарадорлигини баҳолашни йўлга қўйиш лозимлигини билдириб ўтди.

Ўз навбатида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Умида Раҳмонова Мурожаатномада таъкидланган жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ННТлар фаоллигиги ошириш масалалари бугунги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани, бу партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган “Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш” ташаббусини ҳам ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакилини сиёсий партиялар фракциялари томонидан ўтказиладиган қонун лойиҳалари муҳокамаларига жалб қилиш юзасидан таклифларни билдириб ўтди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар жамиятни янада демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойихалари биринчи ўқишга киритилгунга қадар парламент қўйи палатасидаги ННТ вакилининг хулосаларини ва таклифларини қонун ижодкорлари томонидан қабул қилиш ёки асослантирилган маълумотлар тақдим этиш бўйича механизм яратишни таклиф этди. Шунингдек, вакилни танлаб олишда Жамоатчилик палатаси вакилларини сайлаш бўйича механизмларни яратиш зарурлигини айтди.

Шундан сўнг, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева барча нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ҳуқуқий-демократик ва адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари бўлган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, улар ёрдамида жамоатчилик назоратини ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, депутат Жамоатчилик палатаси томонидан танланадиган Қонунчилик палатасидаги ННТлар вакилининг қонун лойиҳаларини ўқиб таклифлар бериш жараёнига жисмонан улгуриши ҳамда унинг салоҳияти етарли бўлиши кераклигини ҳисобга олиш бўйича таклиф берди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат ташкилотлари жамоатчилик назоратини самарали амалга ошираётганини таъкидлаб, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтининг жорий этилиши соҳадаги ислоҳотларни янги поғонага олиб чиқишини айтиб ўтди.

Тадбирда жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА