Сенат ялпи мажлисида сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

– 2020 йил сўнгги кунларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа, бу давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси бўлди. Мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган ушбу тадбирда давлатимиз раҳбари ўтган йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу йил олдимизда турган катта вазифалар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди.

Мурожаатномада Президентимиз мамлакатимизда давлат ва жамиятни янада ривожлантириш билан боғлиқ энг асосий йўналишлар, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари учун устувор бўлган вазифаларни аниқ-тиниқ белгилаб берди.

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан Олий Мажлис юқори палатасининг қатор устувор вазифалари ҳам белгилаб берилдики, уларнинг бажаралишини таъминлаш учун биз олдимизда турган вазифаларимизни, ўз масъулиятимизни аниқлаб олишимиз керак.

Мурожаатномада белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатлар, айниқса бюджет (республика ва маҳаллий) бажарилишининг жойларда сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш асосий вазифаларимиздан биридир.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, дея эълон қилинди. Бу эзгу ғоя барча иноснларнинг юрагидаги, дилидаги орзу эканлигини яхши биламиз. Умуман, ёшлар ва соғлиқни сақлаш масалалари тараққиётимизнинг янги даврида Президентимиз бошчилигидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди.

Бу сиёсатнинг тўғри ва асосли экани пандемия даврида ўз исботини топди. Мазкур вазифаларнинг жойлардаги ижроси Ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталари, қолаверса ҳудудлардаги ҳар бир сенатор ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши шарт.

Хусусан, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаш ҳамда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб боришимиз керак. Бунда Қонунчилик палатасидан ҳужжатлар келишини кутиб ўтирмасдан, ҳозирданоқ ўз таклифларимизни шакллантиришимиз лозим, – деди Т.Норбоева.

Камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

– Жорий йилда ушбу йўналишда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш ва катта миқдордаги маблағларни йўналтириш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, пандемиядан кейинги даврда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга алоҳида урғу берилди. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Сенат девонининг тегишли таркибий бўлинмалари билан биргаликда ушбу вазифани амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши зарур.

Жумладан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни манзилли ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Бунда камбағалликни қисқартириш ишлари нафақат кредит бериш, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ҳал қилиниши, балки бунинг учун соҳаларни, муаммоларни комплекс ҳал қилиб боришга эътиборни кучайтириш зарур. Бунинг аниқ йўллари Мурожаатномада батафсил баён этилган. Ва бу масала энг асосий, энг таъсирчан масала бўлиб, у билан биз ҳар куни шуғулланишимиз зарур, – деди Сенат Раиси.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА