Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганига жиддий ташвиш билдирилиб, бу масалада қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи экологик фожиаси таъсирини юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қатъий давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтирамиз, дея таъкидланди.

Дарҳақиқат, Орол денгизи қуриши нафақат минтақамиз, балки глобал даражадаги экологик офат марказига айланди. Шу сабабли ўтган йили сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ҳам, 2017 йилдаги 72-cессияда ҳам муҳтарам Президентимиз бу масалани кун тартибига алоҳида қўйган эдилар.

Ўшанда тарихда биринчи бор, БМТ олий минбарида Президентимиз денгизнинг харитасини бутун жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиб, муаммонинг нечоғли чуқур ва нақадар мураккаб эканлигини куюнчаклик билан очиб берган эдилар.

Ўтган йили эса Юртбошимиз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини билдирганлари бежиз эмас.

Бинобарин, денгизнинг қуриган тубида, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида пайдо бўлган 5,5 миллион гектар майдондан ҳар йили 75 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар атмосферага кўтарилиб, олис Помир, Тянь-Шан, ҳатто Гренландия, Арктика музликлари ва Норвегия ўрмонларига қадар етиб бормоқда.

Албатта, мамлакатимиз ташаббуси билан 2017 йилда Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилган бўлиб, у оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур фондга Норвегия, Финляндия, Япония, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи, Германия, БАА, Туркия, Швейцария каби давлатлар донорлик ёрдамларини кўрсатиб, катта қизиқиш билдираётгани унинг истиқболи катта эканлигини кўрсатади.

Бироқ очиғини айтиш керак, айни пайтда асосий ишлар Ўзбекистоннинг ўз зиммасига тушмоқда, мисли кўрилмаган ишларга кетаётган харажатлар асосан, республика ва маҳаллий бюджет ва хайрия маблағларидан қоплаб келинмоқда.

Мурожаатномадаги асосли ва ўринли таклиф ҳам Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг изчил ва мантиқий давоми бўлиб, сўнгги тўрт йилда денгиз тубининг қуриган қисмида бир ярим миллион гектарга яқин ерларда ўрмон ва бутазорлар ташкил этилгани, жорий йилда бунга яна 700 минг гектар ер қўшилиши мамлакатимиз олиб бораётган ишлар кўламининг нечоғли катталигини исботлаб турибди.

Бу ерда Ўзбекистоннинг мисли кўрилмаган чора-тадбирлари ўлароқ яратилаётган янги ўсимлик майдонлари, яйловлар ва дарахтзорлар тупроқ қатламини шакллантиришда, иқлим ва атроф-муҳитнинг секин-аста ўзгаришига, Орол бўйидаги экологик хатар оқибатларини юмшатишга, миллионлаб инсонлар саломатлигига зарарини камайтиришга ҳисса қўшмоқда.

2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан Орол денгизи ҳавзаси ва Оролбўйи минтақасида, унга ёндош Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида “яшил белбоғ” яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йил 2 октябрдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжаликлар тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори эса бу мақсадларни стратегик эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Эндиликда Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолиятини кучайтириш ниҳоятда долзарбдир. Ўзи траст фондлар бошқарув тизилмаси қарорлар қабул қилиш, маблағларни тақсимлаш ва ҳисобдорлик жараёнларидаги аниқлик ва тартиблилик билан ажралиб туради. Бутун дунё миқёсидаги 50дан ортиқ БМТнинг бу каби фондлари ўзининг шаффофлик тамойиллари билан ҳам ғоятда самарали эканлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон бу борада ҳам етарли тажриба тўплади ва халқаро ҳамжамиятнинг бу экологик муаммо атрофида жипслашиши иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал ҳаракатлар стратегиясини тўлдиришга хизмат қилади.

Ҳеч шубҳасиз, бундай интилишлар бу ердаги аҳолининг бандлигини таъминлаш, иқтисодий ва ҳаёт фаровонлигини ошириш билан боғлиқ комплекс муаммолар ечимида муносиб ўрин эгаллайди.

Бу экотизимлар мувозанатини тиклаш ва биохилма-хилликни таъминлашдан ташқари, инфратузилмалар яратиш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳликни ривожлантириш орқали ҳудуддаги 100 мингга яқин аҳолининг бандлигини, экологик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имкониятини яратади.

Шу маънода Мурожаатномада кўтарилган бу ташаббус Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал экологик муаммолар ечимида шунчаки оддий томошабин сифатида эмас, балки унинг ечимига амалий ҳаракат қилаётган жонкуяр ва фаол иштирокчи сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Комилжон КАРИМОВ,

ЖИДУ ректори,

сиёсий фанлар номзоди