Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинган бир қатор номинациялар бўйича кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида меҳнат қилаётган мутахассис, ишчи ва ходимлар иштирок этган тадбирда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ва бошқалар ишлаб чиқариш самарадорлиги ва унумдорлигини ошириш, рационализаторлик ва ихтирочилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда бу каби танловлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Акциядорлик жамияти ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистраль электр тармоқлари ҳамда подстанциялар орқали ҳудудий тақсимловчи электр корхоналарига узатиш каби бир қатор вазифаларга масъул ташкилот ҳисобланади. Унинг таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқ, 2 та «Energo-IT» ва «Магистрал электр тармоқ қурилиш» филиали, 1 та «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ лойиҳалаш институти, 2 та «Энергомахсусавто» МЧЖ (транспорт) ва «Gridcon» МЧЖ (қурилиш) корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бугун кунда ушбу корхоналарда 5 минг нафарга яқин мутахассис ҳамда ишчи-ходим меҳнат қилади.

Ўтказилган кўрик-танлов эса тизим жамоаси фаолиятини қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга. Танловда 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва ютуқлар ҳайъат томонидан баҳоланиб, “Йилнинг энг яхши филиали”, “Йилнинг энг яхши подстанцияси”, “Энг яхши юқори кучланишли ҳаво тармоқлари хизмати”, “Йилнинг энг яхши диспетчерлик ходими” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва муносиб тақдирланди.

– 500 кВ.ли «Тошкент” подстанцияда 2011 йилдан буён ишлаб келмоқдаман, – деди ушбу подстанция бошлиғи Манап Бимурзаев. – Бугун менинг камтарона меҳнатим эътироф этилиб, “Йилнинг энг яхши подстанция мутахассиси” номинацияси бўйича биринчи ўринга лойиқ кўрилганидан хурсандман. Бундай эъзоз учун раҳбариятга миннатдорлик билдираман. Очиғи, ўз ишим, касбимни яхши кўраман. Мақсадим она Ватанимга хизмат қилишдир.

– «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ва унинг филиаллари иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станцияларидан электр энергияни ҳудудий электр тармоқларига етказиб беришда асосий бўғин ҳисобланади, – деди «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибидаги «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиалининг “Ўзгариш” подстанцияси бошлиғи Умиджон Баратов. – 220-110 кВли “Ўзгариш” подстанциямиз “Йилнинг энг яхши подстанцияси” номинацияси бўйича фахрли иккинчи ўринни олди. Бу мен ва жамоамиз учун катта рағбат. Бундай эътибор бизни келгусида улкан марраларга ундайди.

– Танловда “Йилнинг энг яхши подстанция хизмати (гуруҳи)” номинацияси бўйича ғолиб бўлдик. Асосий вазифамиз Тошкент шаҳридаги 220 кВ ли подстанцияларга хизмат кўрсатишдир. Шу билан бирга, электр энергияни ўз вақтида истеъмолчиларга бериш ва подстанциялардаги барча электр қурилмаларни капитал ва жорий таъмирлайди. Муҳими, жорий йилда режа бўйича олдимизга қўйилган вазифаларни юз фоизга бажардик. Бу йил “Қўйлиқ” подстанциясида иккита янги трансформатор алмаштирилган бўлса, айни кунларда ”Юксак” подстанциясида янги тест тизимига ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда, – деди «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали подстанция хизмати бошлиғи Баҳромжон Рустамов.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА