Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида оммавий ахборот воситалари ҳақида ҳам фикр билдирди.

– Танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчи ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап, – деди давлатимиз раҳбари. – Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги – бу давр талаби. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби. Ўтган 4 йил давомида жамиятда очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораяпмиз. Қийин бўлаяпти, лекин ўрганаяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларнинг услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.

Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз фаолияти давомида ОАВ билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлиги таъкидланди.