Шўрлик ошпазнинг айби нима эди?

Навоий шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида жойлашган 21-мактабгача таълим муассасасида рўй берган воқеадан кўпчилик жунбушга келди. 

Тарбияланувчилардан бирининг онаси муассасага келиб, ошпазга пичоқ ўқталган ҳолда “ҳаммангни пичоқлаб ташлайман” дея ўшқирган ҳолда, боғчани бошига кўтаради. Муассаса мудираси хўжалик мудирини маҳалла профилактика инспекторига хабар бериш учун жўнатади. Бироқ, инспекторни топа олишмайди. Орадан бир кун ўтгач ички ишлар ходими бу воқеадан хабар топиб, жабрланувчидан шикоят аризаси олади.

Аслида воқеа қандай бошланган эди?

Жабрланувчининг кўрсатмасига кўра, ўша куни у ишга соат эрталабки 6 дан 10 дақиқа ўтганда келади. Белгиланган тартиб асосида нонуштани тайёрлайди. Овқатни тарқатиб бўлгач, соат чамаси 8 дан 50 дақиқа ўтганда тарбияланувчиларнинг оналари – Н.Пирназарова ва Ш.Турдиева ошхонага рухсатсиз бостириб киришади. Пишаётган карам шўрва ҳамда макарон қайнатмаси, қайла ва балиқ котлетига назар ташлаб, “нега болаларга ҳар доим балиқ берасизлар, балиқ овловчилардан “жазман”ларинг борми?” дея ҳақоратлай бошлайди. Натижада, ўртада келишмовчилик юзага келиб, Пирназарова ошпазга пичоқ билан ўқталади. Унга маънавий зарар ва тан жароҳати етказади. Берилган маҳсулот асосида болаларга балиқ котлет тайёрлаётган шўрлик ошпазнинг айби нима эди?

Орадан бир ҳафта ўтиб, шу ҳолат яна такрорланди. Бу гал ошпаз шифохонага тушди. Қачонгача бу ҳолат давом этади, деган саволга жабрланувчининг оила аъзолари муассаса маъмурияти, ички ишлар органлари, маҳалла, вилоят мактабгача таълим бошқармаси, хотин-қизлар қўмитасидан ҳалигача жавоб кутмоқда. Ёки шаҳар бедарвозами?

Биз журналистик ўрганишлар давомида жанжалга арзирли сабаб топа олмадик, лекин бир ҳуқуқбузарликнинг жиноятга қараб кетаётганини сезиш мумкин.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА