2018 йилда Нукусда 60 минг дона телевизор ва 100 минг дона чангютгич ва яна шунча микротўлқинли печь ишлаб чиқарилади

Халқимиз азал-азалдан ўзининг бунёдкорлик салоҳияти билан инсоният тамаддунига муносиб ҳисса қўшган, бозорларни тўкин, юртини обод этиб келган. Ёши уч минг йил билан бўйлашадиган кўплаб шаҳарларимизда илм-фан, маданият, ҳунармандлик ва савдо-сотиқ равнақ топгани тадбиркорлик халқимизга хос ноёб ва эзгу фазилат эканидан далолатдир. Юртимиздан йўлга чиққан карвонлар аждодларимиз қўли билан бунёд этилган маҳсулотларни дунёга тарқатган ва танитган.

Юртимизда ҳалол меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча шароит ва имконият яратилган. Бунинг қадрига етиб, ундан самарали ва тўғри фойдаланаётганларнинг обрўси баланд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбиркорликка тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига қарши туришдир, дея уларни қўллаб-қувватламоқда.

10 (1).JPG

Мамлакатимизда барча соҳалар каби халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш суръатлари жадаллик билан ривожланаётир. Айниқса, электр техникаси саноатида юқори натижаларга эришилмоқда. Тармоққа катта ҳажмдаги инвестициялар жалб этилган ҳолда янги-янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, ўзининг сифати ва дизайни билан харидорларга манзур бўлаётган “Artel” бренди остида ишлаб чиқарилаётган музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, кондиционер, микротўлқинли печь, чангютгич, қўл телефони каби энг сўнгги русумдаги маиший техника воситалари кириб бормаган хонадон кам топилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида йирик ва кичик корхоналар ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

19 (1).JPG

Замонга қараб талаб ҳам ўзгариб боради. Оқил ва тадбиркор раҳбар ана шу талабларни олдиндан кўради ва ўз вақтида зарур чоралар белгилайди. Юртимиздаги энг илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири “Artel” компанияси давлатимиз раҳбарининг ташаббусига жавобан янги лойиҳаларни бошлаб юборди. Нукус шаҳридаги собиқ «Nukus Remmash» МЧЖга қарашли бино ва иншоотлар қайта таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди. Бу ерда “Artel” компанияси Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда олти ойда “Samsung Нукус” заводи фаолиятини йўлга қўйди.

Ўтган асрнинг энг илғор тадбиркорларидан бири, дунёдаги йирик корхонанинг асосчиси Генри Форднинг шундай гапи бор: бир ёқадан бош чиқариш – ишнинг бошланиши, тарқаб кетмаслик – ривожланиш, баҳамжиҳат ишлаш эса бу муваффақиятга эришишдир. Ана шу тамойилларга таяниб фаолият юритаётган корхонага кириб бораркансиз, давлатимиз раҳбарининг “Янгиликка интилиш иқтисодиётимиз тараққиётининг муҳим омилидир”, деган сўзларига кўзингиз тушади. Қизғин иш жараёнини кўриб, қалбингиз ифтихорга тўлади.

17 (1).JPG

Яқинда бир маълумотга кўзим тушиб қолди: собиқ тузум даврида Ўзбекистон хом ашё базасига айлантирилган, бу саховатли заминда етиштирилган турфа маҳсулотларни экспорт қилишдан келадиган даромад собиқ марказ бюджетини бойитар эди. Иқтисодий ривожланиш даражасини ифодалайдиган ялпи ички маҳсулот ва аҳоли жон бошига истеъмол қилиш каби кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон 1989 йил собиқ тузумдаги энг охирги ўринлардан бирида турар эди.

Бугун мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ўн карра ошди. Тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунёнинг турли давлатларида учратиш мумкин. “Samsung Нукус» заводида ишлаб чиқарилаётган телевизор ва чангютгичлар ҳам қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

25.JPG

Корхона мутасаддилари берган маълумотга кўра, бугун бу ерда “Samsung” бренди остида 4 турдаги телевизор, 13 турдаги чангютгичлар ишлаб чиқарилмоқда. Истиқболдаги режаларга кўра, 2018 йил янги турдаги 60 минг дона телевизор ва 100 минг дона чангютгич тайёрлаш йўлга қўйилади, маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга тенглашади. Бундан ташқари, йилига 100 минг дона микротўлқинли печь ишлаб чиқариш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.

Халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, дунёқарашини тубдан ўзгартираётир. Юртдошларимиз ўз уйини обод қилишу дастурхонини тўкин этиш аввало ўзига боғлиқ эканини, бунинг учун давлатимиз томонидан етарлича шароит ҳам, имконият ҳам яратилаётганини англаб етмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бизга четдан ҳеч ким келиб бу ишларни қилиб бермайди, ҳаммасини ўз ақлимиз ва салоҳиятимиз билан бунёд этамиз!

26.JPG

Зеро, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам шу эмасми?!

 

Абу Бакир Ўрозов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА