Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксарияти ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда, директор жамғармасидан устама ҳақ тайинлашда йўл қўйилаётган қонун бузилишлари хусусида бўлаётган эди. Педагогларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бу муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Келгусида умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Жорий йилнинг 1 ноябрьидан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Тошкент вилоятининг Бўка, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида мазкур хизмат фаолияти синов тариқасида ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар таълим муассасаларидаги индивидуал бухгалтерия самарали фаолият юритиши учун мактаб директори ҳам етарли даражада ҳисоб-китоб илмига эга бўлиши талаб қилинар эди. Табиийки, мактаб директорлари бу борада етарли билимга эга бўлмагач, турли қонун бузилишлари юзага келарди. Кимдир директор фонди маблағларини нотўғри тақсимлайди, яна кимдир ўз таниш-билишларига устамалар беришга интилади. Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ташкил этилаётгани шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш ва коррупсияга барҳам беришда муайян тизим яратади.
Яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, «ЎзАСБО» электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган ҳужжатларни ҳисоб-китобини қилиб белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.
Натижада, ўқитувчилар ўртасида «Ойлик маошимни ҳалигача ололмадим, кечикяпти» ёки «Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди», деган эътирозлар келиб чиқмайди.