Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг «Нукус» дала-ўқув майдонида  ҳарбий округ кўмондонлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси  ҳудудий ҳарбий –маъмурий сектор томонидан кенг кўламли бунёдкорлик ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада юртимизда ўз ўрни ва нуфузига эга  бўлган дунё талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий дала-ўқув майдони  қад ростлади.

Мамлакатимизнинг чўл шароитида жанговар вазифаларни бажаришга мослашган дала-ўқув майдони инфратузулмасидан ўрин олган  13 та ҳарбий ва ижтимоий  объектда тўлиқ капитал таъмирлаш ҳамда 5 та янги жанговар техникалар парки, спорт ва яқин жанг шаҳарчаси, радиацион, кимёвий, биологик қуроллардан ҳимояланиш шаҳарчаси ҳамда жамоавий руҳий барқарорликни шакллантириш иншоотларида қурилиш ва жиҳозлаш ишлари  амалга оширилди.

Барча куч ва воситаларни бошқариш ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 қаватли кўмондонлик кузатув минораси қурилиши  энг замонавий талаблардан келиб чиқиб бунёд этилди. Бу келгусида юртимиз мезбонлик қиладиган халқаро ҳарбий мусобақалар учун ўзига хос тайёргарликдир.

Дала майдонида куч тузилмалари учун махсус объектлар барпо этилган бўлиб, ҳамкорликда мажмуавий тактик ўқувлар ва жанговар тайёргарлик тадбирларини реал шароитлар кесимида мунтазам равишда ўтказиш йўлга қўйилади.

Мазкур «Нукус» дала-ўқув майдонининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа  вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий–маъмурий сектор раҳбари Мурат Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи кўмондонлиги, Мудофаа  вазирлиги раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фаҳрийлар  ҳамда келажагимиз бўлган ёшлар иштирок этишди.

Таъкидланганидек, дала-ўқув майдони–бу ерда яратилган инфратузилмалар ҳарбий хизматчиларнинг  жанговар, маънави ва жисмоний тайёргарликларини янада оширишида катта аҳамиятга эга бўлиб, юртимиз ҳимоясига бел боғлаган ўғлонлар учун малака ҳамда тажриба орттириш майдони бўлиши шубҳасиз.

Тадбирда «Нукус» дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда қурувчи пудратчи ташкилот вакилларига  Ўзбекистон Республикаси Мудофаа  вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳарбий –маъмурий сектор раҳбарияти томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалар топширилди.

Шунингдек, Мудофаа  вазири томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда Нукус ҳарбий госпитали моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида замонавий, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган реанимобиль махсус техникаси тантанали равишда топширилди.

Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар янгидан барпо этилган  дала-ўқув майдонида  яратилган шарт-шароитлар, замонавий ўқув бинолари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт шаҳарчаси ҳамда жанговар техникалар парки билан танишди. Ўқув биносида ҳарбий хизматчилар тактик, техник, отиш, алоқа тайёргарликлари, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш фанларининг назарий асосларини пухта ўзлаштиришлари учун барча турдаги замонавий ўқув кўргазмалари мавжуд.

Жанговар техникалар паркида ҳарбий техникалар учун бинолар қурилиши ҳам муваффақиятли амалга оширилган. Замонавий тренажёрлар ва анжомлар билан жиҳозланган спорт шаҳарчасида 350 нафар ҳарбий хизматчи мини футбол, волейбол, бокс, бадминтон, тош кўтариш ҳамда жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши мумкин.

Иштирокчилар Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари  Шимоли-ғарб оператив кўмондонлиги билан ҳамкорликда юқори савияда ташкил этилган  мажмуавий тактик-махсус ўқувнинг бевосита гувоҳи бўлишди. Замонавий дала-ўқув майдонининг ташкил этилганлиги Ватан химоячиларининг янгича усул ва услубларда машғулотлар ўтказишлари учун кенг имкониятлар беради.

Тадбир иштирокчиларига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА