Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Қурбанбой Заретдиновнинг «Халқ учун» операси премьераси бўлиб ўтди.
Премьера олдидан театр директори А.Ниетуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Ж.Абдижамилов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллий маданиятимиз билан санъатимизни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси аҳолига манзур бўладиган бир қатор янги асарларни намойиш этмоқда. Бугунги кунгача театрда биринчи қорақалпоқ операси «Ажиниёз», сўнгра «Тўмарис» ва «Гулойим» асарлари саҳналаштирилган бўлса, қорақалпоқ халқининг буюк шоири Бердақ ҳаёти ва ижодига бағишланган «Халқ учун» операси томошабинлар учун ажойиб совға бўлди.
Асардаги воқеалар Бердақнинг уйидаги кўриниш билан бошланади. Шоир ҳаётининг охирги йилларида яратган «Ерназар бий» поэмасини шогирди Қулмурод шоирга ўқиб бермоқда.
Бундан кейин шу даврдаги аҳолининг оғир ҳаёти, канал қазувчиларнинг қийинчиликлари, одамларнинг ноҳақ сургунга юборилиши, қизларнинг зўрлаб эрга берилиши каби кўринишлар томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотади.
Асарнинг мусиқа раҳбари ва дирижёри Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Қ.Заретдинов, либеротто муалифи Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов, саҳналаштирувчи режиссёр М.Усенов, саҳналаштирувчи рассом Т.Шардеметов, хормейстерлар А.Толепова, Қ.Кинжебоев, А.Мухамметшерипова, балетмейстер Ўзбекистон халқ артисти А.Шарипов ва бошқаларнинг меҳнатини алоҳида қайд этиш зарур.
Асосий ролларни Сапарбой Шерманов (Бердақ), Абат Аширов (Қулмурод шоир), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Элиза Айтниязова (Ҳурлимон), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Роза Қутекеева (Бийбитхон), Фарид Узоқбергенов (Қулман бўлис), Гулбану Рейпназарова (Парийзот) ва бошқа актёрлар моҳирлик билан ижро этган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА